Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ҳамда Доналд Трампнинг Ҳамбургдаги G20 саммити доирасидаги илк музокаралари якунланди.

РИА Новости хабарига кўра, аввалига 30 дақиқа давом этиши кутилган учрашув 2 соату 20 дақиқага чўзилган.

Қайд этилишича, учрашув давомида графикдан чиқиб кетилган: Владимир Путин америкалик ҳамкасби билан учрашувга бир соатга яқин вақт ажратганди, Оқ уй эса ярим соат.

Музокаралр Тошкент вақти билан соат 19:10да бошланди ва режадагидан бир ярим соат кейин тугади.

Журналистлар икки сиёсатчи учрашувидаги дастлабки икки дақиқанигина кузата олишди. Икки томонлама учрашувда давлат раҳбарларидан ташқари, АҚШ Давлат департаменти бошлиғи Рекс Тиллерсон ҳамда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров иштирок этди.

Москва томони Путин ва Трамп G20 саммити доирасида учрашиши режаси ҳақида бир неча ойлардан буён билдириб келаётганди. Томонлар июнь ойи охиридагина келишувга эришишди. Россия ва Америка давлатлари президентларига учрашув учун майдонни бунгача бир неча давлатлар, жумладан Финляндия ва Словения таклиф қилганди.