Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги қишлоқ ва сув ҳўжалиги коллежида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашув давомида вилоятда ёшларга оид давлат сиёсати борасида амалга оширилаётган ишлар, соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш, янги ташкил этилган  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ўрни қандай бўлиши лозимлиги ҳақида атрофлича тушунча берилди. Мулоқот давомида бугунги ёшлар масаласи, уларнинг муаммолари ва таклифлари нафақат шаҳар, туман, вилоят ҳокимлари балки, турли соҳалардаги вазирликлар томонидан жойларда ўрганилиб, ўз ечимини топиши ҳақида гапирилди.

Ушбу вазифаларни тўлақонли бажариш, ёшларнинг дарди билан ёндош бўлиш, уларда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳафтанинг ҳар жума куни вилоятда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Бундай буён ҳар жума куни ёшлар билан очиқ мулоқотлар, учрашувлар ўтказиб борилади. Вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги 16 та коллеж ёшлар марказлари учун янги ташкил этилган ташкилотга берилиши кўзда тутилаётгани айтиб ўтилди.

Марҳамат туман ёшлари вилоят ҳокимига ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида мурожаат қилдилар, мутасадди томонидан масалалар шу жойнинг ўзида ечимини топди.   Учрашув давомида иштирокчилар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бўйича ўз фикрларини билдириб ўтдилар.              

       

  
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон