Араб "тўртлиги" воситачилик чораларини барбод қилишда Қатарни айблади

Жаҳон 07 Июль 2017 5919

Миср, Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн Қатарни ушбу давлатлар билан муносабатларда юзага келган инқирозни бартараф этишдаги воситачилик уринишларини бузганликда айблади. Бу ҳақда араб "тўртлиги"нинг қўшма баёнотида сўз юритилган.

"Қатар ҳукуматининг ўжарлиги, унинг тўрт араб давлати талабларини бажаришдан бош тортиши унинг террорчилик ташкилотлари билан алоқаси даражасини, Форс кўрфази ва Яқин Шарқ минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорликка раҳна солиб, уни бузишга интилаётганини исботлайди", — дейилади МЕНА агентлиги эълон қилган баёнотда.

Араб давлатлари Қатарнинг барча талабларни рад этганидан ўз таажжубларини изҳор қилишди. Уларнинг фикрича, расмий Доха Кувайтнинг воситачилик саъй-ҳаракатлари барбод бўлиши учун барча чораларни кўришган. "Қатар ҳукумати можарони ҳал этиш учун барча дипломатик чораларни йўққа чиқаришга уринди", — дейилади ҳужжатда. 

Хусусан, араб "квартет"и фикрича, Қатар уларнинг талаблари ОАВга сизиб чиқишига йўл қўйган. Бу эса, воситачилик ҳаракатларининг барбод бўлишига олиб келган. 

Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср июнь ойи бошларида Доха билан дипломатик муносабатларни узган ва Қатар билан ҳар қандай алоқаларни тўхтатган эди. Улар Дохани терроризмни қўллаб-қувватлаш ва ўзларининг ички ишларига аралашишда айблашди. 

Кейинроқ, араб мамлакатлари Қатарга 13 банддан иборат ультиматумни илгари сурди ва Дохани 10 кун ичида қўшнилар талабларига рози бўлишни талаб қилишди. 

Қатар араб қўшниларининг айбловларини рад этиб, илгари сурилган талаблар ҳақиқатга мос келмаслиги сабабли бажариб бўлмаслигини таъкидламоқда. 

Кўпроқ янгиликлар