Ford Мексикадаги заводини қурмаслик учун товон тўлайди

Жамият 07 Июль 2017 3473
Фото: © Ford

Мексиканинг Сан-Луис-Потоси штати ҳукумати хабар қилишича, Американинг Ford автомобилсозлик компанияси автомобиль ишлаб чиқарувчи заводни қуришдан бош тортгани учун 65 миллион доллар (1,2 миллиард песога яқин) товон пули тўлайди. 

Автокомпания йил бошидаёқ Сан-Луис-Потосидаги заводини қуриш учун 1,6 млрд доллар сармоя киритмаслигини маълум қилган эди. Бунинг ўрнига компания ўзининг Мичигандаги ишлаб чиқариш қувватини ривожлантириш учун 4 йилда 700 млн доллар сармоя киритишга қарор қилган. 

Штат губернатори Хуан Мануэль Каррераснинг сўзларига кўра, Ford билан олиб борилган музокаралар секин ва қийин кечган, бироқ натижада томонлар халқаро судларга мурожаат қилмасдан келишувга эришган. 

Шундай қилиб, Сан-Луис-Потоси амалга ошмай қолган лойиҳанинг биринчи босқичида ўзининг 500 миллион песо (27 миллион долларга яқин) миқдоридаги харажатининг ўрнини тўлдиради.

"Ford билан келишувнинг ёпилишидан тушган маблағлар штатдаги автомобиль ҳаракатини яхшилаш учун "Хуарес" йўл боғламасини қуришга сарфланади", – деб ёзган штат губернатори Twitter саҳифасида.

Кўпроқ янгиликлар