Ўзбекистон Президенти 2016 йил 18 ноябрда Жиззах вилоятига амалга оширган сайловолди ташрифида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан, Жиззах вилоятида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг филиали ва бўлимини ташкил этиш, Фориш туманида эчкичиликни ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва аҳоли томорқаларида парранда боқишни ташкил этиш учун микрокредитлар ажратиш каби вазифаларни белгилаб берган эди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича жорий йилнинг 1 июль куни Жиззах вилоятининг Фориш туманида  “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ҳамда “Forish Agro Valley” МЧЖ мутахассислари томонидан “Жиззах вилояти Фориш туманида эчкичиликни ривожлантириш борасидаги ишлар сарҳисоби” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки раҳбар ходимлари, “Forish Agro Valley” мутахассислари, Марказий банкнинг Жиззах вилояти Бош бошқармаси раҳбарлари,  манфаатдор вазирликлар ва идоралар, ишбилармон доиралар вакиллари, тадбиркорлар, экспертлар, қишлоқ фуқаролар йиғини ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 январдаги “Жиззах вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 19-сонли, 2017 йил 31 майдаги “Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги 332-сонли ва 2017 йил 5 июнда “Жиззах вилоятида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 351-сонли қарорлари ижросини таъминлаш борасида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ҳамда “Forish Agro Valley” томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Таъкидлаш жоизки, анжуманда “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки кўмагида Фориш туманида “Forish Agro Valley” МЧЖ ташкил этилгани ҳамда бугунги кунда ушбу агрофирма томонидан эчкичиликни ривожлантириш бўйича қурилиш ҳамда ташкилий масалалар амалга оширилаётганлиги ҳақида батафсил ахборот берилди.

Бугунги кунда “Forish Agro Valley” МЧЖга эчкичиликни ривожлантириш ва жун йўналишидаги наслли эчкилар лойиҳасини амалга ошириш бўйича белгиланган лойиҳа қиймати 11,5 млрд сўмни ташкил қилади. “Forish Agro Valley”нинг лойиҳадаги ўз маблағи 3 млрд сўм, банк кредитлари 8,5 млрд сўмни ташкил қилади. Ушбу лойиҳа бўйича 40та ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилган. 

Шунингдек, шу йилнинг март ойидан бошлаб Фориш туманида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг Фориш бўлими аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишни бошлаганлиги, Жиззах шаҳрида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки бўлимининг бино қурилиши ишлари олиб борилаётганлиги ва йил якунига қадар банкнинг Фориш филиали ишга туширилиши режалаштирилганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Айни кунларда, республикамиз бўйлаб “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар жадал ва кенг кўламда давом эттирилиб, туманда эчкичилик ва паррандачиликни ривожлантириш борасида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки томонидан Фориш тумани марказида алоҳида ўқув маркази ҳам ташкил этилгани, шу билан бирга, ҳозирда ушбу ўқув марказида банк, солиқ, ҳокимият ва бошқа идоралар мутахассислари иштирокида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига, қолаверса коллеж битирувчиларига турли ўқув курслари ва семинарлар ташкил этилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бир қаторда, Фориш туман марказида ва Хонбанди шаҳарчасида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш марказлари ҳам ташкил этилган бўлиб, ушбу марказлар меъёрий ҳужжатлар, банкларнинг кўрсатаётган банк хизматлари тўғрисидаги буклетлари, тадбиркорлик йўналишлари бўйича бошланғич бизнес-режалар ва бошқа ҳужжатлар билан таъминлангани қайд этилди.

Хусусан, туманда “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки кўмагида ташкил этилган “Forish Agro Valley” агрофирмаси томонидан эчкичиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган қурилиш ҳамда ташкилий ишлар, банк томонидан эчкичилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун кредитлар ажратилаётгани мамлакат иқтисодини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшган ҳолда нафақат аҳоли учун жуда зарур бўлган янги инфратузилма объектлари, балки янги иш ўринлари яратилишига имконият бериши алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида вилоятда эчкичиликни ривожлантириш мақсадида “Forish Agro Valley” МЧЖ эчкичилик фермасининг қурилиши бўйича тамал тоши қўйилди.

Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.