Германия канцлери Ангела Меркель Россия президенти Владимир Путинни юзида табассум билан кутиб олди.

"Меркель – бу маросимнинг самимий мезбони, у Путинни юзида табассум билан кутиб олди ва шундан кейин улар саммитнинг бошқа иштирокчилари билан бирга суратга тушиш учун ўзларига белгиланган жойларга кетишди", — дея вазиятга баҳо берган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Маросим вақтида Меркель хоним кулганча Путинга илиқ қабул сўзларини билдирган ва улар бир-бирларининг қўлини сиққан ҳолда суратга тушишган.

Песковнинг сўзларига кўра, эндиликда давлат раҳбарлари терроризмга қарши курашишдаги ҳамкорлик масаласини муҳокама қилишади.

Шундан кейин саммит иштирокчиларининг биринчи ишчи йиғилиши бошланади. Унда иқтисодий масалалар муҳокама этилади.

G20 саммити Ҳамбург шаҳрида 7-8 июль кунларида бўлиб ўтмоқда. Россия раҳбари саммит доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашади, шунингдек, Туркия, Япония, Австралия ва Франция раҳбарлари билан учрашувлар белгиланган.