Мисрнинг Синай ярим оролида жангарилар ҳукумат ҳарбийларига ҳужум уюштиришди. Sky News Arabia телеканали мамлакат хавфсизлик кучларидаги манбасига асосланган ҳолда хабар беришича, ҳужум оқибатида 23 ҳарбий ҳалок бўлган ва 33 киши жароҳатланган.

Шу билан биргаликда қуролли тўқнашув вақтида 40 нафардан ортиқ жангари йўқ қилинган.

AFP маълумотига кўра, ҳужум Ғазо сектори билан чегарадош Рафа шаҳридан жанубдаги йўл ўтказиш пунктида амалга оширилган.

Миср армиясининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўлдирилган жангариларнинг суратлари жойлаштирилган - улар миср ҳарбийлари каби кийинган бўлган.

Ҳарбийлар орасидаги қурбонлар сони кўплиги жангарилар миналаштирилган автомобиллар орқали ҳужум қилгани билан изоҳланмоқда.

Жангарилар таъқиб этилган ва уларнинг камида 6та автомобили йўқ қилинган. Мамлакат шимолида жангариларга қарши амалиёт давом этмоқда, амалиётга авиация кучлари жалб этилган.

Ҳозирча ушбу ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир ташкилот ўз зиммасига олмади.

Мисрнинг шимолий қисмида бир неча йиллардан буён экстремистик кучлар фаолият кўрсатиб келади. Бу ҳудуд ҳаракатланиш қийин бўлгани туфайли, жангариларга қарши амалиётларда қийинчиликка дуч келинади.