«Эвертон» ҳужумчиси Ромелу Лукаку Англиянинг бошқа бир жамоаси «Манчестер Юнайтед»га ўтишга яқин турибди. Бу ҳақда The Times нашри хабар бермоқда.

Британиянинг энг нуфузли нашрларидан бири саналган манбанинг ёзишича, бельгиялик футболчи учун тўланадиган трансфер суммаси олдин маълум қилинганидек 75 миллион эмас, ундан кўпроқ бўлади. Яъни «МЮ» дастлабки  «Эвертон»га 75 миллион фунт (86 миллион евро) тўлайди ва яна қўшимча бонуси сифатида 15 миллион фунт сарфлайди. Жами бўлиб ҳужумчи учун 90 миллион фунт тўланади.

Бундан ташқари, «МЮ» ҳужумчи Уэйн Рунини ҳам ливерпулликларга қайтариб беради. Тахминан бу трансфер ҳам 10 миллион фунтга баҳоланмоқда. «МЮ» Рунини текинга бериб юборишни кўзлаётганини ҳисобга олсак, Лукакунинг трансфери жами бўлиб 100 миллион фунт стерлингга (115 миллион евро) айланади. Бу Поль Погба учун тўланган рекорд пулдан 10 миллион еврога кўпроқ дегани.

Маълумот учун, Уэйн Руни «Эвертон» таркибида 1995 йилдан 2004 йилгача тўп сурган. Шулардан икки мавсумини у жамоанинг асосий таркибида ўтказган.

Лукаку ҳозирда Лос-Анжелесда бўлиб турибди. Айнан шу ерда унинг «МЮ» футболчиси сифатида тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда.