АҚШ Давлат департаменти раҳбари Рекс Тиллерсон 10 июль куни Кувайтга боради. У бу ерда Қатар билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишни режалаштирган.

"Кувайт амири таклифига кўра давлат котиби 10 июль куни ушбу мамлакатга ташриф буюради. У Кувайтнинг олий мартабали раҳбарлари билан учрашиб, Форс кўрфазидаги вазиятни муҳокама этади", дейилган хабарда.

Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср ўтган ой бошида Қатар билан дипломатик алоқаларни узганди. Бу давлатлар расмий Доҳани терроризмни қўллашда ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишда айблаган.

Кейинроқ араб давлатлари Қатарга ультиматум эълон қилди, 13та талаб баён этилган талабнома йўлланиб, унинг бажарилиши учун 10 кун муҳлат берилди. Бу талаблар қаторида Эрон билан алоқаларни узиш, туркларнинг ҳарбий базасини ёпиш, террорчи ташкилотларни молиялаштиришни тўхтатиш, бошқа араб давлатлари ички ишларига аралашишни ҳамда мухолифат кучларини қўллашни бас қилиш, шунингдек, "Ал-Жазира"нинг барча тармоқларини ёпиш бор эди.

Қатар қўшниларининг айбловларини рад этиб келади.