Тошкент шаҳар прокуратураси Кун.uz сайти сўровига кўра, мансабдор шахсларнинг ўз лавозимини суиистеъмол қилиши ва шу каби жиноятлар бўйича олти ойлик натижалар ҳақида маълумот тақдим этди. Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари Муроджон Содиқовнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан жорий йилнинг олти ойи мобайнида 208 мансабдор шахсга нисбатан 188та жиноят иши қўзғатилган. Шундан 201 шахсга нисбатан 151та жиноят иши судга юборилган. 13та жиноят иши Жиноят-процессуал кодекси 364-моддаси асосида тўхтатилган. 

Судларга юборилган 151та жиноят ишида қайд этилган 201 шахсдан 17 нафари мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган бўлса, 1 киши мансаб ваколатидан четга чиққан. 8 нафар мансабдор ўз мансабига совуққонлик билан ёндашган, 14 нафари мансаб сохтакорлиги, 30 нафари пора олиш, 64 мансабдор ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш ва 67 нафари бошқа моддалар билан айбланган. 

Мазкур жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида 4 млрд 8 млн сўмлик етказилган зарар ундирилиши таъминланди. Шундан, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслардан 8 нафари республика миқёсидаги, 30 нафари вилоят ва 159 мансабдор шахс шаҳар-туман миқёсидаги тармоқлар ходимларидан иборат. 

Содиқовнинг аниқлик киритишича, айни вақтда Давлат Божхона, Солиқ қўмиталари, Ички ишлар вазирлиги, Суд-ижро департаменти, Банк муассасалари, адлия органлари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, корхона ва ширкат хўжаликлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан жами 117та жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда, улар юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.