Тошкентда бир ҳафтада 8 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик моддаси мусодара қилинди

Жамият 07 Июль 2017 3130
Фото: "Кун"

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 30 июнь-6 июль кунлари давомида 21та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Тошкент ИИББда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, Тошкент шаҳрига кириб келиш постларида  2017 йил бошидан гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятлари 114та, ҳафта давомида 6тани ташкил этган.
 
Бундан ташқари, ҳафта давомида 8 кг 622 грамм, йил бошидан эса 48 кг 828 грамм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. 

Хусусан, 2017 йил 1 июль куни шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган  “Қорадори – 2017” тадбири давомида муқаддам талончилик, ўғирлик ва фирибгарлик жиноятлари учун судланган Бахтиёр Нурматов ва Шуҳрат Абдумўминовнинг ёнида оғирлиги 944,08 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 273-моддаси 3-қисми “б” банди (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, қонунга хилоф равишда сақлаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу кунги “Қорадори – 2017” тадбири давомида Яшнобод туманида муқаддам судланган Терновский Пётр ўз уйи ҳовлисида қонунга хилоф равишда таркибида гиёҳвандлик воситаси мавжуд бўлган 8 туп умумий вазни 1 килограмм 200 грамм “наша” ўсимлигини экиб, уни  парваришлаб етиштираётганлиги, шунингдек, вазни 134,0 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми (тақиқланган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ва етиштириш) ҳамда 276-моддаси 2-қисми (кўп миқдорда, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилди.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, Терновскийнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар