“Уй қамоғи”дан “қамоқ”ни маъқул кўрди

Жамият 07 Июль 2017 15448

2017 йил 1 июль куни муқаддам ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун тергов органи томонидан “уй қамоғи” эҳтиёт чораси танланган айбланувчи Метниязов Нормуҳаммад ўзига тегишли хулоса чиқармаган. У синов даврида бўлганига қарамай, Олмазор тумани ҳудудида қаровсиз ҳолда қолдирилган фуқаро Расуловга тегишли бўлган “Матиз” русумли автоулов салонидан жами 4 млн 5 юз минг сўм миқдордаги пул маблағларини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида фуқаро Метниязов далилий ашё билан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик, яъни такроран, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

2017 йилнинг 8 июнь куни, номаълум шахс Сергели тумани ҳудудида ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, фуқаро М.нинг хонадони темир панжарасини бузиб очиб, хонадонга ғайриқонуний равишда кирган. У ердан икки дона умумий баҳоси 4 млн 870 минг сўмлик телевизор ва 100 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини  ўғирлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган эди. 

Жорий йилнинг 3 июль куни Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни муқаддам ўғирлик жинояти учун судланган Фармонов Равкат ва Фармонов Суҳроб содир этилганлиги аниқланган. 

Юқоридаги шахсларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланиб, уларнинг бошқа жиноятга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Шу муносабат билан Тошкент ИИББ фуқароларга мурожаат қилиб, мазкур шахслардан жабрланганлар бўлса, ички ишлар идораларига мурожаат қилишларини сўрайди. 

Кўпроқ янгиликлар