Ўзбекистон делегацияси Кот-д`Ивуардаги сессияда иштирок этади

Ўзбекистон 07 Июль 2017 4263

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси 10-11 июль кунлари Абиджан шаҳрида (Кот-д`Ивуар Республикаси) Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 44-сессиясида иштирок этади.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, сессияда 2016-2017 йиллардаги Ўзбекистоннинг ИҲТ ТИВКдаги раислиги якунларини кўриб чиқиш, ташкилот фаолиятига оид қатор масалаларни муҳокама қилиш ва сиёсий, ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш режалаштирилган.

2016 йил 18 октябрда Шавкат Мирзиёевнинг ИҲТ ТИВКнинг Тошкентда бўлиб ўтган 43-сессиясида сўзлаган маърузасида илгари сурилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун «Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази тўғрисида» ва «Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) Махсус кафедрасини Тошкент ислом университети таркибида ташкил этиш тўғрисида»ги махсус резолюцияларнинг қабул қилиниши кутилмоқда.

ТИВКнинг 44-сессияда раислик Ўзбекистон Республикасидан Кот-д`Ивуар Республикасига расман ўтади.

Кўпроқ янгиликлар