Ўзбекистонда нодавлат нотариал идоралари фаолияти йўлга қўйилади. Ҳозирда мазкур идораларнинг фаолиятига доир қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақида 7 июль куни «Тараққиёт стратегияси» марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Рақобат бўлган ҳар бир соҳада янгиликлар, ривожланишлар кузатилади. Хусусий, аниқроғи, Давлат бюджетидан ташқари фаолият олиб борувчи нотариал идораларнинг ташкил этилиши ўз самарасини беришига ишонаман», дея  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Анвар Усмоновнинг сўзларини келтирган «Кун.uz» мухбири.

Таъкидланишича, нотариат соҳасига қизиқувчи олий маълумотли ва малакага эга бўлган фуқаролар Давлат бюджетидан ташқари нотариал фаолият билан шуғулланишга мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Улар махсус коммиссияга имтиҳон топширган ҳолда керакли сертификат ёки лицензияни олиш имконига эга бўлишади. 

Маълум бўлишича, Давлат бюджетидан ташқари бўлган нотариат идораларини бирлаштириб турувчи ва уларнинг фаолиятини назорат қилувчи махсус палата ташкил этилади. Мазкур идора ходимларининг малакаси мунтазам равишда ошириб борилиб, муайян вақтдан сўнг аттестациядан ўтишлари кўзда тутилган.