Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватловчи ягона жамғарма ташкил қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақида 7 июль куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган навбатдаги сессияда Марказий Банк департамент директор ўринбосари Азимов Зафар Абдумажидович маълум қилди. Анжуманда иштирок этган "Кун.уз" мухбири шу ҳақида хабар берди.

"Марказий банк бошчилигидаги тижорат банклари тадбиркорларимизни доимий равишда қўллаб-қувватлайди. Биз бунинг тарафдоримиз. Ҳозир катта иш бошладик, бу мамлакатда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватловчи ягона жамғармани ташкил қилиш бўйича ишлар бошланди. Унинг қандай кўринишда бўлиши, низоми ва бошқа маълумотлар келгусида эълон қилинади. Буларнинг барчаси тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган", - деди Марказий банк вакили.  

Экспертнинг сўзларига кўра, жорий йилда тадбиркорларимиз учун жуда кўп хорижий кредит линиялари бўлади. 

"Хитойга ташрифимиздан сўнг Хитой тараққиёт банки, Россия Федерациясига ташрифдан сўнг "Газпромбанк", Осиё тараққиёт банки 150 миллион доллар миқдорида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлашга доир алоҳида хорижий линия ажратган. Айтмоқчи бўлганим, бу йил валютада бериладиган кредитларимиз ҳажми ҳам ниҳоятда катта бўлади", - дея таъкидлади Азимов З.А.