Сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати исиб кетди. Тошкент шаҳри ва вилоятларда ҳаво ҳарорати 45 даража ва ундан юқорини кўрсатмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, ушбу ҳарорат кўрсаткичи 9 июлга қадар давом этади. 

Одатда июль - йил давомидаги энг иссиқ ой деб ҳисобланади. Ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати июнь ойи ҳароратидан 2-2,5 даражага юқори бўлади. Ўзбекистонда кузатиш йиллари давомида энг иссиқ июль ойларидаги ҳаво ҳарорати 42-44 даражагача, жанубда 47-49 даражагача юқорилаган.

Айни дамда Ўзбекистонда кузатилаётган иссиқ об-ҳавони атмосферадаги жануби-ғарбий оқимлар шакллантирмоқда. Бундан ташқари, улар билан бирга Республика ҳудудларига жанубий ҳудудлардан, асосан, Эрон ҳудудларидан иссиқ об-ҳаво кириб келмоқда, деб маълум қилмоқда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази Кун.uz’га.

Марказ берган маълумотга кўра, кейинги кунларда ҳаво ҳарорати кўтарилиши давом этади ва кундузги соатларда термометр кўрсаткичи 42-43, жанубда 44-45, шимолда ва чўл ҳудудларида 44-45 даража бўлган жуда иссиқ об-ҳаво ҳарорати сақланиб туради. Шу кунлардаги ҳарорат қийматлари қатор ҳудудларда ўз ҳудудларининг тарихий максимумларига яқин бўлади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, инсон тана ҳарорати 37.1 даража иссиқдан кўтарилиши ёки тана ҳарорати 38.8 даражага кўтарилиб, инсон саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Инсон тана ҳароратининг кўтарилиши тананинг қизаришига ва кучли чанқоққа, кейинчалик, хушдан кетиш, нафас қисиши ва юрак тўхташига олиб келиши мумкин.

Вазирлик берган тавсияга кўра, оч рангдаги, ҳаво ўтказувчи (иложи бўлса пахта хомашёсидан) кийим ва бош кийимлардан фойдаланиш зарур. Куйган тана қисми совимайди ва терламайди. Шошмасдан ҳаракатланиш, иложи борича соя жойларда бўлиш талаб этилади. Пиво ва бошқа алкоголь маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди, бу организмнинг умумий ҳолатига салбий таъсир этиши мумкин. Иссиқ кунда шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, қўшимча тузли маҳсулотлар ва мева, сабзавотлардан истеъмол қилинади.

Жазирама иссиқ натижасида офтоб урганда зудлик билан соя жойларда сақланинг, зудлик билан душ қабул қилинг ёки шамол бор жойга ўтилади ва аста-секинлик билан кўпроқ сув истеъмол қилинади. Офтоб урушидан сақланиш мақсадида иложи борича баданни совутишга ҳаракат қилиш зарур.