Терроризмда айбланиб Италияда ҳибсга олинган чеченистонлик Али Бомбаталиев Бельгияда терактга ҳозирлик кўрган. Бу ҳақда Италия прокуратурасига асосланган ҳолда Askanews.it хабар қилмоқда. 

Бомбаталиев рафиқаси Марина Качмазова билан бирга қатор террорчиликларни амалга оширишни режалаштирган. Италия ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, ҳибсга олинган гумондор телефони ўрганилгач, у турмуш ўртоғини ўзини портлатишга ишонтирган. Шу билан бирга, полициячилар Бомбаталиевнинг икки нафар хотини борлигини аниқлашган. Иккинчи рафиқасининг исм-шарифи ошкор қилинмаяпти, аммо унинг қаерда эканлиги аниқланмоқда. Бу борада шу нарса маълумки, Бомбаталиев Качмазова билан мулоқотида иккинчи хотини ҳам терактга тайёрлигини айтган. 

Али Бомбаталиев 7 июль куни ҳибсга олинди. У халқаро терроризм ва жиноят содир этишга ундашда айбланиб, 2014 йил декабрида Грозний Матбуот уйига уюштирилган ҳужум иштирокчиси сифатида Интерпол орқали қидирилаётган эди. Бундан ташқари, у 2014-2015 йилларда Суриядаги қуролли зиддиятда террорчилар томонида иштирок этган бўлиши ҳам мумкин. 

2014 йил 4 декабрда бир гуруҳ жангарилар Грозний матбуот уйини эгаллаб олган, махсус амалиётда (11 террорчини ҳисобламаганда) 14 киши ҳалок бўлган, яна 36 одам тан жароҳати олганди.