«Манчестер Юнайтед» «Эвертон»дан бельгиялик ҳужумчи Ромелу Лукакуни сотиб олаётгани ҳақида ўз расмий сайтида эълон қилди

Бунгача берилган хабарларда «Юнайтед» ушбу футболчининг трансферини 100 миллион фунтга баҳолагани, дастлаб 75 млн фунт тўланиши, 15 млн фунт бонуслар кўринишида берилиши, яна 10 млн фунт – «МЮ»дан «Эвертон»га ушбу трансфер доирасида ўтаётган Уэйн Рунининг нархи экани айтилганди.

«МЮ» хабарида Лукаку тез орада Лос-Анжелесда тиббий кўрикдан ўтишини тасдиқлаган. Футболчи айни вақтда АҚШда Поль Погба билан бирга таътилни ўтказмоқда.

Манчестерликлар клуби 24 ёшли футболчи учн «Челси» билан рақобатлашганди, лондонликлар жамоаси ҳам «МЮ» каби 75 миллион фунт таклиф қилганди.