Истанбул суди Истанбул ҳокими идорасини эгаллаб олиш иши бўйича маҳкама жараёнида 23 нафар ҳарбий хизматчини оқлади. Улар ўтган йилнинг июль ойидаги давлат тўнтаришига уринишдан сўнг ҳибсга олинган эди. Бироқ, ҳарбийлар командири, унтер-офицер Юсуф Йилдиз умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди, деб хабар қилмоқда РИА Новости. 

Таъкидланишича, бу давлат тўнтаришига уриниш бўйича Истанбулда чиқарилган биринчи суд хулосасидир. 

Суд аскарларни, уларнинг жиноят содир этиш борасида қасди бўлмагани сабабли оқлади.
 
Умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган Йилдиз "конституциявий тузумни ағдариш" ва "FETO террорчилик ташкилотига аъзолик"да айбдор деб топилди. Унтер-офицернинг ўзи айбини тан олмади. У давлат тўнтаришини қўллаб-қувватламаганини айтган бўлса, адвокатлари, Йилдизнинг ўз бошлиқлари буйруғи асосида ҳаракат қилгани ҳамда исён вақтида қуролдан фойдаланмаганини таъкидлашди. 

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 16 июлга ўтар кечаси Туркияда бир гуруҳ исёнчи ҳарбийлар давлат тўнтаришига уринишни амалга оширган эди. Асосий қарама-қаршилик Анқара ва Истанбулда бўлиб ўтди. Унда 240дан ортиқ фуқаро (исёнчилардан сафида ҳалок бўлганлардан ташқари) ҳаётдан кўз юмди, 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланди. 

Туркия ҳукумати исёнда мухолифат вакили Фатҳуллоҳ Гуленни айблади. Гуленнинг ўзи бу жиноятга алоқадор эмаслигини таъкидлаб келади.