«Челси» жамоаси бош мураббийи Антонио Конте «Эвертон» ҳужумчиси Ромелу Лукаку «Манчестер Юнайтед»га ўтиш вариантини танлаганидан хафа бўлди.

«Челси» ҳам ушбу футболчи учун манчестерликлар каби 75 миллион фунт таклиф этганди, аммо Лукаку ва унинг агенти Мино Райола «МЮ» вариантини танлади.

The Times хабарига кўра, ёз бошидан буён Конте ушбу бельгиялик ҳужумчи билан бир неча марта мулоқот қилган. Мураббий футболчи «Челси»га қайтишига ишонаётганди. Эндиликда Лукакунинг «МЮ»га ўтишини Конте хоинлик сифатида баҳоламоқда.

Ёздаги илк трансфер мақсади амалга ошмагач, Конте эътиборини – Альваро Мората ва Фернандо Льорентега қаратмоқда.

Контенинг ўзи ҳали клуб таклиф этаётган 4 йиллик шартномага имзо чекмаяпти. Бундан аввалроқ у жамоа раҳбариятидан трансферлардаги сусткашлик учун норози бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.