Мўғулистонда ўтган президентлик сайловларининг иккинчи турида мухолифатдаги Демократик партия вакили Халтмаагийн Баттулга ғалаба қозонди. У ўзининг иқтидордаги Халқ партияси вакили бўлмиш рақибидан деярли 10 фоиз кўпроқ овоз тўплади. 

Халтмаагийн Баттулга аввал ҳам Мўғулистон ҳукуматида ишлаган ва кейинроқ бизнес билан шуғулланган
Фото: GETTY IMAGES

Кеча Бош сайлов қўмитаси 99 фоиз овозлар саноқдан ўтказилгач, президентлик сайловининг иккинчи тури натижаларини эълон қилди. Унга кўра демократ Халтмаагийн Баттулга 50,6 фоиз овоз олган, унинг рақиби — парламент спикери ва Халқ партияси аъзоси Миеэгомбин Энхболд эса 41,2 фоиз.

Халтмаагийн Баттулга ёшлигида дзюдо ва самбо кураши турлари билан шуғулланган ва Мўғулистон терма жамоаси аъзоси ҳам бўган. У анчадан бери сиёсат билан шуғулланади: парламент депутати этиб сайланган, транспорт вазири бўлган, сўнгра саноат вазири лавозимида ҳам ишлаган.

Бундан ташқари, сайланган президентнинг кенг тармоқли бизнес-манфаатлари ҳам бор: уларнинг орасида меҳмонхоналар, Чингизхонга бағишланган кўнгилочар боғ ҳам бор.