«Интер» ярим ҳимоячиси Иван Перишич фаолиятини Англия чемпионатида давом эттириши ойдинлашмоқда.

Ушбу хорватиялик футболчи твиттерида «МЮ»га ўтаётганига шама қилди - у аккаунтида қизил доира белгисини, яъни «қизил иблислар»нинг асосий рангидаги белгини қолдирган.

Перишич 2015 йилда «Интер» сафига ўтиш олдидан ҳам шунга ўхшаш твит ёзган, нерадзурриларнинг асосий ранглари бўлмиш кўк ва қора ранглардаги доиралар белгиси орқали ушбу жамоага ўтаётганига ишора қилганди.

Бундан олдинги хабарларда ушбу футболчи трансфери учун «Интер» 50 миллион евро талаб қилаётгани, «МЮ» эса ушбу трансферни 40 миллион евро эвазига амалга оширишни режалаштиргани айтилаганди.

«Интер»нинг янги бош мураббийи Лучано Спаллетти футболчини таркибда сақлаб қолишни истаган.

Кейинроқ футболчининг ўзи Англияга кетишни истаётгани ва клуб раҳбариятига шу истагини маълум қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.