Қурилмани «Полицияга қўнғироқ қилдингми?» деган савол ишга тушириб юборган ва у чиндан ҳам полицияга қўнғироқ қилган, деб хабар бермоқда ABC News.

Американинг Нью-Мексико штати полицияси Альбукерке шаҳри яқинидаги уйлардан биридаги «ақлли уй қурилмаси» 911 рақамига қўнғироқ қилиб, оилавий эҳтимолли қотилликнинг олдини олган. Ходимларнинг сўзларига кўра, 28 ёшли Эдуардо Баррос июль ойини бошида квартирада суюкли ёри ва унинг қизи билан бирга ўтирган бўлган. Аёл нотаниш эркакдан SMS қабул қилгач, Баррос жаҳлланиб, уни хиёнатда айблай бошлаган.

Жанжал калтакланишга айланган. Жанжал авжига чиққан вақтида Баррос ёнидан тўппончасини чиқарган ва «Полицияга қўнғироқ қилдингми?», дея бақира бошлаган. Қурилма саволни эшитиб, уни «Полицияга қўнғироқ қил» буйруғи сифатида қабул қилган ва 911 рақамини терган. 

Барроснинг уйига музокара ўтказиш учун жамоа ва SWAT тезкор отряди келган. Кўп соат давом этган сўзлашувлардан сўнг полиция Барросни қўлга олган. Жанжал натижасида аёл турли жароҳатлар олган, бироқ шифохонага ётишга кўнмаган.

Полициядагилар «янги технологиялардан кутилмаганда фойдаланиш кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш эҳтимолини ошираётгани»ни қайд этишган. Берналильо округи шерифи бу воқеани «ажойиб» деб атаган ва қурилманинг чақирувчисиз воқеа жуда хунук якун топиши мумкинлигини қайд этган. Барросга қуролни ноқонуний сақлаш, оғирлаштирувчи ҳолатларда тан жароҳати етказиш ва одамларни гаровда ушлаш айби қўйилмоқда.

Gizmodo нашрининг ёзишича, бундай тасодифий чақирувлар полицияга нафақат ёрдам, балки халақит ҳам бериши мумкин. Журналистларнинг сўзларига кўра, «ақлли» карнайлар баландлатиб қўйилган жиноят саҳнаси кўрсатилаётган кино томошасида ҳам полицияга қўнғироқ қилиб юбориши мумкин. 2017 йил январида Сан-Диегодаги телеканал 6 ёшли қизалоқ Amazon Eсo ёрдамида қўғирчоқлар уйига буюртма қилганини ҳикоя қилиб берган эди. Эфир вақти бошловчи «Алекса уй буюртма қилди» иборасини тилга олган, шундан сўнг шаҳардаги бир неча қурилма харид қилишга уриниб кўриш учун ишга тушган.