«Манчестер Юнайтед» «Эвертон»дан Ромелу Лукаку сотиб олинганини эълон қилди. 

Манкунианликлар расмий сайтида маълум қилинишича, бельгиялик бу ҳужумчи билан 5 йиллик шартнома тузилган. Келишувда шартномани узайтириш имконияти ҳам кўзда тутилган.

Норасмий маълумотларга кўра, трансфер қиймати 75 млн фунт (85 млн евро). У жамоада Златан Ибраҳимовичдан бўш қолган 9-рақамли футболкада тўп суради.

Ушбу трансфер доирасида манчестерликлар ҳужумчиси Уэйн Руни «Эвертон»га бориб қўшилди.

Лукаку якунланган мавсумда «Эвертон» сафида 39 ўйинда майдонга тушган ва 26 гол уриб, 7 голга узатма берган. 24 ёшли ҳужумчи «ирислар» сафида 2013 йилдан буён тўп суриб келаётганди.