Қозоғистон бир-икки ойда нефть қазиб олишни кўпайтириш орқали ОПЕК билан эришилган келишувдан аста-секин чиқишни хоҳламоқда. Республика энергетика вазири Канат Бозумбоев ТАСС агентлигига шу ҳақда маълум қилди.

У Қозоғистон нефть қазиб олишни аста-секин ошириш ёки кескин оширишдан қай бирини хоҳлаётгани хусусида берилган саволга шундай жавоб берган. 

Бунда вазирнинг қайд этишича, бироқ, Остона ҳукумати келишув муддатини узайтириш борасида ўз қарашини аниқлаб олгани йўқ. "Бу ноябрь ойида ҳал этиладиган масала", - деган вазир. Ноябрь ойида ОПЕКнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. 

Бундан ташқари, Бозумбоевнинг хабар қилишича, Қозоғистон жорий йилда ўз режасини ортиғи билан бажаради ва 81 млн тоннадан ортиқ нефть қазиб олади. "Бир йиллик 81 млн тонна эди, ўйлайманки, кўпроқ бўлади", - деган Бозумбоев. 

Унинг сўзларига кўра, республика, умуман олганда, нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича келишувга риоя қилмоқда. У, Қозоғистон келишувда қайд этилган кўрсаткичларга эришдими, деган саволга "тахминан, шундай", - дея жавоб қайтарди. 

Бозумбоев келишув натижасидан кўнгли тўлганини таъкидлар экан, йил охирига бориб бир баррель нефть 50 доллар атрофида бўлади, деган тахминни билдирди. 

2016 йил охирида ОПЕК ва ташкилотга аъзо бўлмаган 11та мустақил нефть экспорт қилувчи мамлакатлар нефть қазиб олишни камайтириш бўйича келишувга эришган эди. Унга мувофиқ, иштирокчилар 2017 йил биринчи ярим йиллигида нефть бозоридан бир кеча-кундузда 1,8 млн баррель нефть камайтириб бориши керак эди. 

Шу йилнинг май ойида Венада бўлиб ўтган учрашувда давлатлар келишувни 2018 йил апрелига қадар узайтиришга келишиб олишди. Келишувдан мақсад – глобал қазиб олинган нефть захирасини сўнгги беш йиллик миқдоргача пасайтиришдир.