Эрталаб соат 6:30да Наманган шаҳрининг «Чаманзор» маҳалла фуқаролар йиғини биноси атрофида тумонат одам тўпланди. Шаҳарнинг коммунал хизмат (газ, сув, электр энергия) идоралари, соғлиқни сақлаш, банк, солиқ, молия, бандликка кўмаклашиш, кадастр идоралари раҳбарлари, маҳалла жамғармаси, таълим тизими вакиллари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши етакчиси, фаоллари тўпланишди. Мақсад битта, ҳар бир хонадонга кириб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда иш ташкил этиш, ёшлар билан ишлашни амалга ошириш, ишсизларни иш билан таъминлаш, камхарж оилаларга шу жойнинг ўзида моддий кўмак, кредит ажратиш бўйича тезкор иш ташкил этиш. Бу ҳақда Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Чаманзор» маҳалласида 4204 нафар аҳоли, 623 хонадон, 16 та кўча мавжуд бўлиб, кўчаларнинг ҳар бирига кўчабошилар раҳбарлигида юқорида номлари тилга олинган ташкилотлардан масъуллар бириктирилди. Ҳар бир гуруҳда 10 ва ундан ошиқ вакил шакллантирилиб, халқ ичига юборилди.

Ишчи гуруҳларнинг ҳудудларга чиқиши арафасида Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззақов уларга топшириқ ва кўрсатмалар берган ҳолда самарали иш ташкил этиш масъулиятини юклади. «Биз Президентимиз топшириқларини сўзсиз бажармоғимиз лозим. Нафақат халқ ичига, балки уларнинг ишончига ҳам киришимиз шарт. Ҳар бир хонадонда мавжуд ҳолат бўйича ўрганиш якунида амалий иш бўлмоғи, ишсиз иш билан, кам таъминланган оила моддий таъминот билан таъминланиши, аҳолининг бошқа маиший эҳтиёжлари ҳам тўла қондирилиши шарт», - деди ҳоким.

Соат 7:00да барча гуруҳдаги 200 га яқин мутасадди ишга киришди. Ишчи гуруҳлар таркибига Наманган шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати ходимлари фото ва видео мосламалари билан қуролланган ҳолда, шунингдек, «Менинг юртим» телеканали вилоят мухбирлари, namnews.uz ахборот-таҳлилий портали вакилларининг бириктирилгани жамоатчилик назоратини таъминлаб берди.
Шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззақов икки соат ичида ўндан ошиқ хонадонда бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди. Маҳалладаги ижтимоий вазият билан батафсил танишди.

Ҳокимга асаларичилик билан шуғулланувчи Жобир Ҳолиқовнинг кредит борасида мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал этилиб, Халқ банкига зудлик билан имтиёзли кредит ажратиш вазифаси топширилди.

Хонадонини кадастр қилиш борасида бюрократик тўсиқларга учраётган Розиқжон Саттаровнинг бу масалада ёрдам сўраб қилган мурожаати шаҳар кадастр ташкилоти вакили билан ечилди.

Матлуба Зокированинг ёши 60дан ошган. Узоқ йиллардан бери жигар циррози хасталиги билан оғрийди. Оила кам таъминланганлар ҳисобида туради. Шавкат Абдураззақов оила бошлиғи билан суҳбатда ҳокимлик томонидан керакли барча ёрдам кўрсатилишини таъкидлади. «Президентимиз томонидан амалга оширилаётган халқчил сиёсат, фуқароларни рози қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалий ишларни кучайтириш бизнинг асосий вазифамиздир. Онахон, сизга 100 та товуқ берамиз, бундан тушадиган моддий даромад эса оилангиз фаровонлигини оширади. Кундалик эҳтиёжларингизни қондиради» – деди Ш.Абдураззақов.

Кўрсатилган бу эътибор оила аъзоларини руҳлантириб юборди. Дастлаб ҳокимни товуқ боқиш ҳақидаги таклифига унчалик эътибор беришмаган бўлса, уни ҳокимлик томонидан ҳомийлик тариқаси, емини бепул берилиши уларни чексиз хурсанд қилди. Товуқ боқиш учун ҳовли кичикроқ бўлганлиги сабабли хонадон бошлиғи 20 та парранда берилишини сўради. Унга қўшиб бир ойлик парранда озуқасини ҳам шу бугуннинг ўзида етказиб бериш вазифаси масъулларга топширилди.

3-ўтиш йўли Чаманзор кўчаси, 26-уйда яшовчи Мунаввар Инамова оиласида ҳам моддий таъминотни таъминлаш учун 20 та парранда ҳомийлик ёрдами тариқасида топширилди.
Шунингдек, аҳолининг электр энергия устунини ўрнатиш, канализация муаммоасини ҳал қилиш борасидаги мурожаатлари жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Ҳоким хонадонларни ўрганаётган пайтда унга иш сўраб мурожаат қилган Хайрулло Юсупов, Фахриддин Абдуллаевлар шу жойнинг ўзида иш билан таъминланди.

Барча гуруҳларни қўшиб ҳисоблаганда то иш вақти бошлангунгача бўлган вақт давомида юздан ошиқ муаммо ижобий ҳал бўлди. Аҳолига кредитлар берилди. Коммунал соҳа бўйича муаммоларга ечим топилди. Ҳудди шундай ишлар шаҳарнинг бошқа ҳудудларида шаҳар прокурори Мирзоҳид Тўйчиев («Заркент» МФЙ), ИИБ бошлиғи Муҳаммаджон Дадабоев («Маданий маориф» МФЙ) ва ДСИ бошлиғи Улуғбек Ҳакимов («Ишонч» МФЙ) раҳбарлигида амалга оширилиб, яна учта маҳалладаги барча хонадонлар ўрганиб чиқилди. Бу ўрганишлар натижасини умумлаштириб ҳисоблаганда эрта тонгдан то куннинг биринчи ярмига қадар 300 дан ошиқ мурожаат ижобий ечимини топди.