«Сизга ўхшаган кадрлар бизда кўп». Мен қаерда ишимни топаман?

Жамият 10 Июль 2017 22857

Бугунги кунда жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар ва ечимини топмаётган муаммолар муҳокама қилиниб, қайсидир маънода ижобий натижалар олиб келяптимикин, деб ўйлайман. 

Мен журналист эмасман, аммо Kun.uz сайтида эълон қилинган «Қишлоқ болалари ўгай эмас» — ҳудудларда кадрлар етишмовчилиги муаммоси»  сарлавҳали мақола эътиборимни тортди. Шу сабабли бошимдан ўтган воқеаларни қаламга олишга қарор қилдим. 

Кўплар қатори мен ҳам чекка қишлоқлардан бирида туғилиб вояга етдим. Ўрта мактабни тугатиб, пойтахтдаги нуфузли олийгоҳга кириб таҳсил ола бошладим. Таълим соҳасида қишлоқлар у ёқда турсин, пойтахтда ҳам кадрлар етишмовчилиги муаммоси мавжуд. 

Талабалик пайтимда бўш вақтимни беҳуда ўтказмай, дея пойтахтдаги Тошкент иқтисодиёт ва сервис коллежига иш сўраб бордим. Эндигина 20 ёшга тўлган, ҳали олийгоҳнинг 4-босқичида таҳсил оладиган йигитни ишга олишармикан, деган хаёллар билан коллеж ҳудудида юрган, кўринишидан салобатли бир одамдан директорга қандай учрашишим мумкинлиги ҳақида сўрадим. 

У инсон мендан йўл-йўлакай коллеж ҳудудини бирга айланишни сўради ва нима мақсадда келганим, маълумотим, қизиқишларим ва режаларимни аниқлаб олгач, ўзини шу коллеж директори Очил Тўраевич Ярашев, дея таништирди. 

Воқеалар ривожи кутулмаганда ҳайратланарли бўлди. Коллеж директори тўғри ходимлар билан ишлаш бўлимига олиб бориб, мутахассислигим доирасида бўш иш ўрнига ҳужжатларимни расмийлаштиришни буюрди. 

Ишга жойлашишим шу қадар тез ҳал бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди. Хурсандлигимдан астойидил меҳнат қилишга киришдим. Маълум вақт ўтиб, ойлик маошим кўпайиб қолганига ҳайрон бўлиб, ҳисобчидан «янглишиб кетмадингизми», деб сўрадим. Ҳисобчи иш фаолиятимни ўрганиб чиқиб, раҳбарият томонидан 40 фоиз устама ҳақ белгиланганини айтганида ўзимга сиғмасдим. Сабаби — ҳали талаба бўлишимга қарамай бир неча йилдан бери ишлаб келаётган мутахассислардан кўп маош олаётгандим. 

Ишим ўзимга ёқарди: ҳар куни хурсанд ҳолда келиб, ўз билимларимни ўқувчиларга улашаман — бир ҳаёт бўлса шунчалик бўлади-да! 

Олийгоҳни тамомлаш даври яқинлашди. Уч томонлама шартнома тузишимиз, ўзимиз доимий яшаш манзилимиздан иш топишимиз кераклиги ҳақида кўрсатмадан сўнг, пойтахтда орттирган бир йиллик амалий тажрибам ва олийгоҳдан олган билимларимни қишлоғимдаги ёшларга ҳам улашиш ниятида, вилоятимдаги чекка қишлоқда қад кўтарган замонавий касб-ҳунар коллежига катта умидлар билан уч томонлама шартномамни кўтариб бордим.

Дастлаб коллеж директорини роса икки соат кутдим, бу орада навбат ҳам кўпайиб қолди. Бир амаллаб навбатим келганда директор қабулига кирдим. Коллеж директори шарномани ўқиб чиқди ва «Сизга ўхшаган кадрлар бизда кўп, бу шартномани имзолай олмайман», деб жавоб берди. «Тарвузим қўлтиғимдан тушди». Янги очилган коллежда одатда кадрлар етишмовчилиги бўларди-да. 

Хонадан чиқсам ташқарида менга ўхшаб иш сўраб келганлар ишга кириш учун ўзига яраша «харажати» борлигини айтишди. Тўғриси, хафсалам пир бўлди. У ердан чиқиб, бошқа дуч келган корхона ва муассасаларга бош суқиб кўрдим. 

Хуллас, туманимизда менга мос иш ўрни йўқ экан. Яхшиямки пойтахтдаги иш жойимдан бўшаш учун ариза ёзмаганим — шартномамни кўтариб жонажон иш жойимга келдим. Раҳбар ҳузурига кириб, бошимдан ўтган воқеаларни гапириб бердим. Раҳбарим мийиғида кулди ва: «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дейдилар. Шу вилоятингга керак бўлмасанг менга кераксан, бер шартномангни», деб имзо қўйди ва илова учун олийгоҳга хат ёзиб берди. 

Охирида менга қараб: «Кетиб қолаяпсанми, дея хавотирда эдим. Қолганинг яхши бўлди, кайфиятингни туширма, сенга ўхшаган кадр бизга жуда зарур», деди.

Орадан қанча йиллар ўтди, шу даврда менга йўл кўрсатган ўша инсон туфайли пойтахтда самарали меҳнат қилиб, турли лавозимларда ишладим, магистратурада ўқидим. Олийгоҳдаги устозларимга ҳам раҳмат, улар туфайли ҳозир ҳам пойтахтда, ўзим ўқиган олийгоҳда талабаларга сабоқ бераяпман. Афсуски, қишлоғимда ҳануз менга мос иш йўқ, модомики бўлса ҳам, унинг «харажати» бор.

Юқоридаги воқеани ёзиб, нима демоқчиман? Ҳар бир иш эгасига берилгани ва раҳбарлар хам мутахассис танлашда адолат ва оқиллик билан ёндошгани — юрт равнақига бешак хизмат қилади. Қолган хулоса ўзингиздан. 

Ғ.Бердиев,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ ассистенти.

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 35553 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 74706 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 11258 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 140010 Жамият
Ироқ бош вазир: Талл-Афорда ИШИДга қарши ҳужум бошланди
09:12 9 Жаҳон
БМТ бош котиби Финляндиядаги терактни қоралади
09:07 24 Жаҳон
АҚШда юк машинасининг музлатиш камерасидан 60 нафар мигрант топилди
09:03 226 Жамият
Хитой соҳиллари яқинида иккита балиқ овловчи кема тўқнашиб кетди
08:53 231 Жамият
Исроил бош вазири Владимир Путин билан яқин кунларда учрашишни мўлжалламоқда
08:43 397 Жаҳон
Тинч океанида 1945 йилда чўктириб юборилган АҚШ крейсери топилди
08:34 1788 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар