Геологлар ва иқлимшунослар Яқин Шарқ минтақасининг сўнгги 130 минг йилдаги иқлим тарихини таҳлил қилиб, қуйидагича хулосага келишди. Уларнинг фикрича, ҳозирги қурғоқчилик яна тахминан 10 минг йил давом этади, дейилади Journal of Quaternary Science журналида эълон қилинган мақолада. 

"Яқин Шарқ мамлакатлари ҳукуматлари ҳозирги қурғоқчилик вақтинчалик ҳолат эканига ишонишни маъқул кўришади. Улар яқин келажакда минтақа серсув ҳудудга айланишига ишонишади. Бизнинг тадқиқот эса, бунинг аксини кўрсатмоқда. Унга кўра, келгусида ёғингарчилик миқдори янада камаяди, минтақадаги намликнинг асосий манбаи бўлган момақалдироқлар оралиғи қисқаради", — деган Майами университети олими Sevag Mehterian. 

Кўплаб иқлимшунослар ва тарихчилар аввалги тарихий даврлар ва ҳатто сўнгги бир неча ўн йилликлардаги иқлим тебранишлари тарихга қандай таъсир кўрсатишини тушунишга уринишмоқда. 

Меҳтерян ва унинг ҳамкасбларига кўра, ҳозирги қурғоқчилик жуда чуқур тарихий илдизларга эга. Улар Эрон шимоли-ғарбидаги Кале-корд ғоридаги томчилардан ҳосил бўлган муз даврига доир сталагмит чўкмаларининг изотопларини ўрганиб, шундай хулосага келишди. 

Сталагмитлар, олимларнинг тушунтиришича, ғорлар ичида томчи ва сув оқимлари туфайли пайдо бўлади. Бу сувлар эса, ўз навбатида, ғорларга тоғ юзасидан сизиб ўтади. Шунга кўра, сталагмит қатламларининг изотоп таркибини ўрганиш турли даврларда минтақада қандай иқлим ҳукмрон бўлганини аниқлашга ёрдам беради. 

Масалан, олимлар сталагмитдаги кислород-18 изотопи миқдорини ўрганиш билан турли тарихий даврлардаги ёғингарчиликлар ҳажмини ўрганишдан ташқари ғор қолдиқлари ҳосил бўлиш ҳароратини, шу билан ўша вақтда Қуёш ер юзасини қанчалик қиздирганини аниқлаш мумкин. 

130 минг йиллик сталагмитлар ҳосил бўлиш тарихини таҳлил қилган олимлар иқлим тебранишининг қизиқ ҳолатига дуч келишган. Улар Гренландия музликларини текширганида дуч келган ҳолатни учратишган. Бу Шимолий Атлантика ва Яқин Шарқ иқлими ўзаро боғлиқ бўлган ва бир хил механизм билан бошқарилганини кўрсатади. 

Бугунги кунда, Меҳтерян ва унинг ҳамкасбларига кўра, Яқин Шарқ навбатдаги "қурғоқчилик" даврига кирган. У 10 минг йиллар давом этади. Шу боисдан бу минтақада ичимлик суви муаммоси яқин йилларда ҳалбўлишини кутмаса ҳам бўлади, дея хулоса қилади олимлар.