Тиллерсон Форс кўрфази мамлакатларига ташриф буюради

Жаҳон 10 Июль 2017 1854
Фото: AP

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Кувайт, Қатар ва Саудия Арабистонига ташриф буюради. У сафари давомида мазкур араб давлатлари етакчилари билан учрашади. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати хабар қилмоқда

Сафар 10 июлда Кувайтга боришдан бошланади ва 4 кун давом этади. АҚШ давлат котибининг сафаридан кўзланган мақсад Қатар ва бир гуруҳ араб давлатлари ўртасидаги дипломатик зиддиятга ечим топишдир, деб ёзади Reuters агентлиги.

6 июль куни Америка ташқи сиёсат маҳкамаси 10 июль куни Тиллерсон Кувайтга келишини маълум қилган эди. 

5 июнда Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатарни терроризмни қўллаб-қувватлашда айблаб, дипломатик алоқаларни узган эди. Расмий Доха бу айбловларни асоссиз деб топди. Кувайт мазкур келишмовчиликда воситаси ролини бажаришга уринмоқда. 

Кейинроқ, ушбу 4 давлат Кувайт воситачилигида инқироздан чиқиш йўли сифатида 13 талабни илгари сурди. 5 июль куни ультиматум муддати поёнига етди. Доха эса,талабларни бажариш имконсизлигини қайд этди. Шундан сўнг, Форс кўрфазининг 4 давлати Қатарга сиёсий-иқтисодий босим ўтказишни давом эттиришга қарор қилди. 

Кўпроқ янгиликлар