Сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати 40, ҳатто 45 даражадан ошиб кетаётгани (Фарход бозори ярмаркасидаги сояда турган термометр кўрсаткичи 50дан ошганини эътиборга олмайман, чунки Метеорология маркази термометрлари бошқача ўлчар) қишлоқлардан ҳам кўра, кўп қаватли уйлар қуршовидаги йирик шаҳарларда, айниқса, ўз кучини кўрсатмоқда.

Ёзнинг чилласи бошланиши билан жазирама кунлар аксарият шаҳарликлар учун ҳақиқий сабр-бардош синови бўлмоқда. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бу борадаги фикрларни кўплаб учратиш мумкин. Хусусан, тошкентлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, шаҳарнинг турли туман ва мавзеларидан постлар қолдириб, ҳудудида электр таъминотида узилишлар бўлаётганидан, тармоқдаги кучланиш кескин пасайиб кетаётганидан, ҳатто электр таъминоти бир неча кунлаб бўлмаётганидан нолиб, фикрлар қолдиришмоқда.

Кун.uz таҳририяти мазкур ҳолатни изоҳлашни сўраб “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” АЖга мурожаат қилди. Мухбир саволига шаҳар электр тармоғи энергия сотиш бошқармаси бошлиғи Даврбек Имомов жавоб берди.

Даврбек Имомов, шаҳарда ўта юқори иссиқ ҳарорат кузатилаётгани ва одатдагидан узоқроқ давом этаётганини билдирар экан, электр таъминотидаги узулишларни қуйидагича изоҳлади:

“Тошкент шаҳрида авваллари, ёз мавсумида бир кеча кундузда кўпи билан 14.33 млн кВт*с электр қувватига эҳтиёж бўлар эди (бир ойда 430 млн кВт*с). Сўнгги кунлардаги жазирама туфайли бу рақам 18-19 млн кВт*соатга чиқиб кетмоқда. Сўнгги кунда бу рақам 20 млн кВт*соатга етган. Бу бир ойда 500-600 млн кВт*соат электрэнергиясини англатади”.

Унинг сўзларига кўра, “шаҳарликларнинг охирги йиллардаги турмуш кечириш шароити аввалги бир неча ўн йилликлардагидан кескин фарқ қилади. Тан олиш керак, музлатгичлар, ҳаво совутгичлар, микротўлқинли печлар, телевизорлар сони кескин ошган. Кўплаб хонадонларда бу каби техникалар бир нечтани ташкил этади”. “Шунга биноан, - дейди Имомов, - аҳолининг электрэнергиясига бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда. Шаҳарга ўрнатилган трансформаторлар, подстанцияларнинг бунга кучи ва техник имконияти жавоб бермаяпти. Уларнинг кўпи 1950 – 60 йилларида ва ундан кейинги вақтларда ўрнатилган”.

Яшнаобод туманидаги трансформатор будкаси ёниши натижасида бир инсон ҳалок бўлди

Унинг маълум қилишича, шаҳарда жами 5,5 минг трансформатор ва 73та юқори кучланишли подстанция бўлиб, шу пайтга қадар  бир йилда маблағ ажратилишига мос равишда 10 тадан 50 тагача трансформатор алмаштирилмоқда.

Мухбирнинг бу камлик қилмайдими, ахир 5,5 минг трансформаторнинг ҳаммасини алмаштириш учун кўп муддат (йилига янгиси қурилмасдан 55 тадан алмаштирилса, бир аср керак бўлади, унгача алмаштирилганлари эскириб бўлади!) талаб қилинади ва қачон бу жараён якунланади, деган мазмундаги саволига маблағ ажратиш кўпайтирилаётгани, келгуси 3 йилларда алмаштириш жараёни якунланиши ҳақида сўз юритди.

Шу ўринда, бу муаммони ҳал этишнинг йўлларидан бири сифатида ТЭКТ АЖга таклиф. Балки, электр узатиш тармоқларини мижоз манзилигача тўлиқ янгилашда хусусий тадбиркорлар ва компанияларни жалб этиш устида ишлаш лозимдир. Бунинг учун, “Ўзбекэнерго” АЖ билан ҳамкорликда қонунчилик ташаббуси билан Ҳукуматга мурожаат қилиш керакдир!?  

Мухбирнинг электр узатиш тармоғида кучланиш пасайиб кетаётгани сабабли хонадон эгаларида норозилик келиб чиқаётгани, уларнинг электр уй жиҳозлари ишдан чиқса, кимга мурожаат қилишлари кераклиги, нима қилишлари лозимлигига ҳам Даврбек Имомов ойдинлик киритди.

“Шундай ҳолатда туман электр тармоғига ёзма мурожаат қилинади. Мутахассислар, электр тармоғидаги кучланиш пасайишига нима сабаб бўлганини жойига чиқиб ўрганишади ва хулоса беришади. Агар, шартномада кўзда тутилган форс-мажор (яъни, электр узатиш тармоғидаги нуқсонсиз, бошқа сабаб билан кучланиш кўтарилиб ёки тушиб кетган бўлса) ҳолати рўй бергани аниқланса, ишдан чиққан техникалар учун ТЭКТ масъулиятни зиммасига олмайди.

Унинг аниқлик киритишича, ҳозирги жазирама кунларда электр энергиясига талабнинг кескин ошиши туфайли кучланишнинг пасайиши ёки момақалдироқ каби ҳолатларда кучланишнинг ортиб кетиши форс-мажор шартларига киради.

Толиб Раҳматов, Кун.uz мухбири