Ўзбекистон хорижда жиноят қилган фуқароларини ҳимоя қилиши керакми?

Ўзбекистон 10 Июль 2017 23190

Кун.uz сайтида Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, янги фармонлар ва қонунларга ҳуқуқий муносабат кўринишида шарҳлар, тушунтиришлар бериш орқали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган мақолалар бериб борилиши йўлга қўйилади. Ўқувчилар қонунчиликдаги мавжуд механизмлар ҳақида огоҳ қилиниб, улардан фойдаланиш ўргатилиши мақсад қилинган.

Шундай мақолалардан биринчиси ҳуқуқшунос Дилором Абдуллаева томонидан тайёрланди.

«Камолот»  ёшлар ҳаракати Қурултойида Президент Шавкат Мирзиёев хориждаги ёшлар, айниқса, ишчи-мигрантлар ҳам Ўзбекистон фуқаролари эканини ва доим давлат ҳимоясида бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Ташқи ишлар вазирлигига хорижий давлатларда ҳам Ёшлар иттифоқи ташкилоти билан биргаликда ёшлар ҳамда фуқаролар манфаатини ҳимоя қилувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқишга бир ой муҳлат берилди.

Бундан бироз аввал Қозоғистон ҳудудида автобус ҳалокатида вафот этган ва жабр кўрган Ўзбекистон фуқароларига давлат томонидан ёрдам кўрсатилиб, уларнинг жасадлари олиб келинишига Ташқи ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёрдамида махсус самолёт рейси ташкил қилингани ҳам яқин Ўзбекистон тарихида кузатилмаган ижобий иш бўлиб, давлат фуқаролар учун қанчалик қайғуриши, давлат идоралари ўзларининг Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган фуқаролар манфаатлари учун хизмат қилувчи вазифаларини бажараётганини кўрсатади. 

Яқинда ташкил этилган Халқаро Пресс-клубда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан бўлган суҳбатда ҳам хориждаги ва мамлакат ичидаги фуқароларни қизиқтирган кўплаб саволлар муҳокама қилинди. Тушган саволлардан бири Шуҳрат Калонов томонидан Туркманистонда узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган Ўзбекистон фуқаросининг жазони ўташ муддатини Ўзбекистонга кўчириш тўғрисида илтимос бўлди. Аммо Бош прокуратура ходими Хатамов томонидан мувофиқ жавоб берилмади. Жавоб тариқасида айтилган гаплар умумий бўлиб, айнан шу шахсга ёки бошқаларга шунга ўхшаш ҳолатларда қандай амалий ёрдам қилиниши лозимлиги ёки Ўзбекистон ҳукумати қандай кўмак бера олиши тилга олинмади. 

Шу ўринда, келинг, Ўзбекистон қонунларига кўра бундай ҳолатларда хориждаги фуқаролар манфаатларини давлат органлари қандай ҳимоя қилиш лозимлиги борасида бироз муҳокама қиламиз. 

Яқингача хорижда Ўзбекистон фуқароларининг давлат ҳимоясида экани амалда сезилмасди. Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистон хориждаги элчихона ва консулликларига иши тушмаслик учун иложи борича ўзини олиб қочиб юрар эди. Халқаро Пресс-клубдаги суҳбатда вазир Абдулазиз Комилов айтганидек, агар асосий вазифалардан бири бу халқаро миқёсда Ўзбекистон обрўсини кўтариш бўлса, унда, албатта, ишни хориждаги ўз фуқароларига бўлган ҳурмат ва кўмакдан бошлаш лозим.

Туркманистонда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган Ўзбекистон фуқароси мисолига қайтамиз. Масалага ҳуқуқий жиҳатдан ёндашамиз ва қуйидаги саволларга жавоб излаймиз: Бир давлат фуқароси бошқа бир давлатда судга тортилишида халқаро ҳуқуқ нормалари амал қиладими? Бундай ҳолатда давлатларнинг қандай мажбуриятлари бор? 

Консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена Конвенциясига кўра, ўзга давлат фуқаросини судлаётган давлат айбланувчига ўз давлатидан ҳуқуқий ҳимоя олиши мумкинлиги ҳақида маълум қилиши керак. Яъни, биз кўраётган ҳолатни гипотеза қилиб оладиган бўлсак, Туркманистон жиноий жавобгарликка тортилаётган Ўзбекистон фуқароси ўз давлатидан юридик ёрдам ва ҳимоя олиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисида Туркманистон томонидан судга тортилаётган шахс хабардор қилиниши керак. Туркманистон, шунингдек, расмий Тошкентга (Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчихонаси орқали) Ўзбекистон фуқароси устидан жиноий иш очилгани ва уларга қўйилган айбловлар тўғрисида хабар бериши шарт. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам Консуллик Алоқалари тўғрисидаги Вена Конвенциясига аъзо давлатлар ҳисобланади (Малайзия ҳам аъзо). Афсуски, Туркманистонда жазо муддатини ўтаётган ватандошимиз ишида бундай процедурал ҳаракатлар амалга оширилганми ёки йўқми, бу ҳақда бизда маълумот йўқ.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисидаги Қонунга кўра, Ўзбекистон мамлакат ташқарисида ҳам ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўз фуқаролари олдида масъул ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ўз фуқаролари олдидаги бундай бурчини амалга ошириш Ташқи ишлар вазирлигининг тўғридан-тўғри ваколатига киради. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Низомига кўра, вазирликнинг асосий вазифаси хорижий мамлакатлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг давлат манфаатларини ва унинг фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Вазирлик чет мамлакатлар билан алоқаларда дипломатик ваколатхоналар орқали иш кўради. 

Юқоридаги Низомга кўра, дипломатик ваколатхоналар ўзлари бўлган давлатда Ўзбекистон Республикаси ва унинг фуқароларининг манфаатларини халқаро ҳуқуқ ҳамда бу давлатлар билан икки томонлама мавжуд шартномалар ва битимлар, шунингдек, ҳар иккала давлат қатнашчи ҳисобланган кўп томонлама шартномалар доирасида ҳимоя қилади. Дипломатик ваколатхоналарга элчихоналар ҳамда консуллик муассасалари киради. Ўзбекистон Республикасининг Консуллик Уставига кўра, консуллик муассасалари чет элларда Ўзбекистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Демак, Ўзбекистон ҳар қандай жиноий жавобгарликка тортилаётган хориждаги фуқаросига ҳуқуқий ёрдам бериши (малакали адвокат билан таъминлаши) ва уларнинг манфаати учун курашиши керак. 

Мавзу янада батафсил тушунтириш учун шу соҳада муҳим бўлган мисолга ўтсак. 2013 йилда Малайзия суди Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқаросини ўлим жазосига ҳукм қилган эди. Ҳукмга кўра, икки аёл ва бир эркак кишидан иборат ўзбекистонликлар Малайзияга наркотик модда олиб киришда айбдор деб топилган ва мамлакат қонунларига кўра, энг олий жазога лойиқ топилган. Мазкур иш билан боғлиқ хориж оммавий ахборот воситаларини кузатганимизда (Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ёритмаган ҳам эди), Ўзбекистон ҳукуматининг бирор ёрдам кўрсатгани ёки фуқароларининг ҳимояси учун курашгани ҳақида хабарларга кўзимиз тушмади. Мазкур ҳолатда Ўзбекистон давлатининг манфаати бу фуқаролар ҳақиқатдан айтилган жиноятларни содир этган ёки этмаганидан қатъи назар, уларни ўлим жазосидан олиб қолиш бўлиши керак. Чунки, Ўзбекистон 2008 йилда ўлим жазосини бекор қилган ва шундан бери Ўзбекистонда энг оғир жазо тури бу умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси ҳисобланади. 

Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясига кўра, ҳар бир шахс яшаш ҳуқуқига эга. Аммо бу ҳужжат мажбурий кучга эга эмас. Шунинг учун ўлим жазоси кўплаб давлатларда ўта баҳсли масалалардан бири ҳисобланади. Чунки уни қўлловчи ва унга қарши тарафларнинг ўз қарашлари бор. Аммо инсонийлик принципи юзасидан барча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва инсон ҳуқуқлари қадриятларига асосланган давлатлар ўлим жазосидан воз кечишга бошқа давлатларни ундаб келади. Биз бу мақолада Малайзиянинг ўлим жазосини қўллаш амалиётини баҳолашдан тийиламиз. 

Бўлиб ўтган суд ишига доир айрим маълумотларга эътибор қаратсак. Янгиликлардан маълум бўлишича, судланган фуқаролар (ёки уларнинг ҳимоячиси) Малайзияда наркотиклар савдоси учун ўлим жазоси каби қаттиқ жазо берилишини билмаганликларини айтган. Ўзбекистон манфаати ва Ўзбекистон фуқаролари ҳимояси учун курашаётган адвокат агар улар айбдор деб топилганда ҳам, жазони Ўзбекистондаги муқобил жазога алмаштирган ҳолда (умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси) уни Ўзбекистонда ўташларини учун курашиши лозим эди. Одатда, икки ва ундан ортиқ давлатлар жиноий жазоларни амалга ошириш юзасидан ўзаро келишув ва шартномаларга киришади. Масалан, 2006 йил «Евросиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида жиноий жазоларни ижро этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув» имзоланган ва Ўзбекистон ҳам унга қўшилган.

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида жиноий жазоларни амалга ошириш борасида бундай келишув мавжуд эмас, аммо 2008 йилдан 2013 йилгача амал қилган Ҳуқуқий Ҳамкорлик Соҳасида Меморандум мавжуд эди. Гарчи Меморандум, асосан, кадрлар алмашинуви ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқларига оид бўлса ҳам, унда умумий манфаатга доир масалалар юзасидан қонун ҳужжатлари билан алмашиш ҳамда томонлар ўзаро келишган ҳуқуқий ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида бирга ишлаши белгиланган. Ўзбекистон фуқаролари устидан очилган жиноий ишда адолатни топиш иккала томоннинг ҳам умумий манфаатига киради.Чунки бу манфаатдорлик остида 10 кг наркотик модда қандай қилиб Ўзбекистон божхона назоратидан сезилмасдан чиқиб кетди, деган савол ҳам туради. Шуни таъкидлаш керакки, Меморандум 2013 йил август ойида ўз кучини йўқотган бўлса ҳам, 3 нафар фуқарога нисбатан жиноий иш 2010 йилда очилган ва мана шу 3 йил давомида иккала давлат ҳамкорлик қилиши учун Меморандум амалда бўлган. 

Халқаро ҳуқуқда шу мавзуга тааллуқли машҳур «ЛаГранд» иши мавжуд. Унда Германия фуқароси бўлган икки ака-ука (гарчи 3-4 ёшидан буён АҚШда яшаб келаётган бўлса ҳам) АҚШнинг Аризона штатида қотилликда айбдор деб топилади ва ўлим жазосига ҳукм қилинади. АҚШ Консуллик Алоқалари тўғрисидаги Вена Конвенциясига амал қилмасдан, бу икки Германия фуқаросига уларнинг Германия давлатидан ҳуқуқий ёрдам ва ҳимоя олиш ҳуқуқи борлиги ҳақида хабар бермайди ва Германия элчихонасига ҳам икки фуқаро устидан жиноий иш очилгани ва уларга қўйилган айбловлар ҳақида маълум қилмайди. Бундан хабар топган Германия АҚШни Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг асосий суд органи – Халқаро Адолат Судига беради. Ўлим жазоси амалга оширилишидан бир неча соат аввал Халқаро Адолат Суди АҚШга ҳукм ижросини кечиктириш тўғрисида ажрим чиқаради. АҚШ судлари эса Халқаро Адолат Судининг ажримини мажбурий деб ҳисобламайди ва ўлим жазосини ижро қилади. Шундан сўнг, Германия АҚШга қарши Халқаро Адолат Судида иш очади ва натижада Халқаро Адолат Суди АҚШ Вена Конвенциясига риоя қилмаган деб топади ҳамда Халқаро Адолат Судининг ажримлари аъзо давлатлар учун мажбурий кучга эга эканлигини расман тасдиқлайди. 

Хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистон фуқаролари ҳақида мисолларда келтирилган уч давлат ҳам Вена Конвенциясига аъзо давлатлар ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон, миллий қонунларига асосан, ўз фуқароларини қаерда бўлмасин, мамлакат ичкарисидами ёки ташқарисида, ҳимоя қилиши ва уларнинг манфаатлари учун курашиши, бунинг учун ҳам ҳуқуқий, ҳам сиёсий чораларни кўриши лозим. 

Дилором Абдуллаева, 
ҳуқуқшунос

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 36305 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 76200 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 11692 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 142470 Жамият
Мирзо Улуғбек туманида маъмурий назорат қоидаларини бузган шахс қўлга олинди
10:46 158 Жамият
Австралия бош вазири Барселонадаги теракт туфайли махсус стратегия ишлаб чиқилишини маълум қилди
10:40 134 Жаҳон
Бразилияда мушт қилиб турган қўл кўринишидаги булут одамларни хавотирга солди
10:36 2127 Жаҳон
Абитуриент ҳикояси: “Мен ўқув маркази томонидан алдандим”
10:34 1504 Lifestyle
Швециялик яҳудий Фаластинга пиёда жўнади
10:19 686 Жамият
Чимёнда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилди
10:12 1454 Жамият
Кўпроқ янгиликлар