Ўзбекистонда замонавий қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқиш бошланади

Технология 10 Июль 2017 13328

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қишлоқ хўжалиги техникаси соҳасидаги илмий-техник базани янада мустаҳкамлаш чоралари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.
 
«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ тузилмасида мавжуд бўлган «Agrosanoatmashinjiniring» МЧЖ «Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги муҳандислик-технологик маркази» (Марказ) этиб ўзгартирилди.
 
Марказ замонавий қишлоқ хўжалиги техникасининг янги турларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва янги машиналар ҳамда қурилмаларнинг тажрибавий намуналарини ишлаб чиқариш учун технологик ускуналар тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги техникасининг янги тажрибавий намуналарини замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда тайёрлаш, уларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш билан шуғулланади.
 
Унга «СКБ - «Трактор» ва «КБ-ЎзАгротех» МЧЖ қўшилади. Уларнинг интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлари, илмий-конструкторлик ишланмалари ва бошқа техник ҳужжатлари, шунингдек, илмий-техник лойиҳалар ва уларни амалга ошириш учун имзоланган шартномалар ҳам марказга ўтказилади.
 
Ушбу ташкилот 2020 йилнинг 1 январига қадар мулк солиғи, қўшимча қиймат солиғи ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳамда Молия вазирлиги қошидаги таълим ҳамда тиббий муассасалар моддий-техник базасини ривожлантириш бюджетдан ташқари Жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилди.

Кўпроқ янгиликлар