Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев 5 июль куни Хитой Халқ Республикасининг Сифат назорати, инспекция ва карантин бўйича бош маъмурияти вазири Чжи Шупин билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги расмий сайтида хабар берилган.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкам анъанавий дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида мунтазам ривожланиб бораётганлигини таъкидлашган. Бу борада икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро алоқаларнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилган. Жумладан, хитойлик ҳамкорлар билан қишлоқ ва сув хўжалигининг турли соҳаларида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани келтирилган.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Хитойга жами қиймати 14,4 млн. долларлик 7,6 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот, жумладан, қизилмия илдизи, қуритилган узум, қовун, ўрик маҳсулотлари экспорт қилинган.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қишлоқ ва сув xўжaлиги соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш, шу жумладан Хитой бозорига экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхати ва ҳажмини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Томонлар Хитойга гилосни экспорт қилишда ҳамда уй ҳайвонлари учун озуқани экспорт қилишда карантин ҳолатини бажариш бўйича баённомалар имзолашган.