Суриянинг Раққасида тинч аҳоли вакилларидан қарийб 50 мингга яқин киши қолмоқда, сув ва озиқ-овқат захираси эса тугамоқда. Бу ҳақда БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссари бошқармаси расмий вакили Андрей Махечич маълум қилди.

"БМТнинг фикрича, Раққада 30 мингдан 50 мингга қадар инсон қолмоқда. Вазият кескинлик билан ёмонлашмоқда, озиқ-овқат, сув, электр энергияси, тиббий ва бошқа хизматлар жуда танқис. Кишиларга шаҳардан хавфсиз чиқишни таъминлаб бериш ўта муҳим", - деди у журналистларга.

БМТнинг қочқинлар иши олий комиссари бошқармаси июнь ойи охирида Раққада қолаётган 100 минглаб кишилар ҳақида маълум қилганди.

Махечичнинг қўшимча қилишича, БМТ душанба куни Хассаки вилоятидаги қўшни Қамишли шаҳрига чодирлар, адёллар, консерва маҳсулотлари ва бошқа энг зарур воситалар ортилган 22 та юк машинасини юборишга муваффақ бўлди. У Ҳалабдан Қамишлига йўлнинг очилишини гуманитар вазиятдаги “катта ўзгариш” деб атади.