Наталья Андакулова – асли самарқандлик, Дубайдаги шахсий арт-галерея соҳибаси Kommersant.uz’га БААдаги санъат бозори ва Амирликларда бизнес юритишнинг жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди.

Andakulova Gallery БАА аҳолиси ва меҳмонларини Марказий Осиё санъати билан танишишга ундайди. Бу Ўрта Шарқдаги мана шундай концепцияга эга ягона галереядир. Наталья галереяни 2012 йилда ташкил этган ва ўтган беш йил ичида бу соҳада довруғ қозонишга муваффақ бўлди: Andakulova Gallery вернисажлари ва маданий тадбирларига санъат ихлосмандлари катта қизиқиш билдирадилар, уларни Wall Street Journal, Financial Times, The National каби нашрлар ёритадилар.

Наталья Андакулова Самарқанд меъморий ёдгорликлари қуршовида катта бўлди. Қадимий шаҳар обидалари, улардаги нашқлар, хатотлик намуналари ёш қиз қалбида санъатга нисбатан муҳаббат уйғотди. Навоий давлат педагогика институти физика-математика факультетида ўқиши давомида Наталья тасвирий санъатдан сабоқлар олди, кўргазмалар, мусавирлар устахоналарига кўп қатнади. Аниқ фанларга бўлган қизиқиш санъатга бўлган иштиёқ билан уйғунлашиб кетди ва… санъат барибир устун келди: “Информатика” йўналишида магистратурани якунлаб, Наталья Лондонга йўл олди, у ердаги Christie’s Education – машҳур ким ошди уйи қошидаги таълим муассасасининг “Арт-бизнес” курсида иштирок этди. Санъат тарихи, арт-бизнес ва замонавий санъат соҳалари билимдонларини етиштирувчи бу муассаса филиаллари Нью-Йорк, Ҳонгконг, Дубай ва бошқа йирик шаҳарларда ҳам мавжуд.

Бугунги кунда Наталья галереяга раҳбарлик қилишни (бу тинимсиз сафарлар, мониторинг, музокараларни қамраб олади) И.Е. Репин номидаги Петербург давлат рассомчилик, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик академик институтининг “Санъат тарихи ва назариёти” факультетида сиртқи ўқиш билан уйғунликда олиб бормоқда.

Нега Дубай?

– Галерея очиш ғояси қандай туғилган?

– Галерея – бу менинг илк ва, ҳозирча, ягона иш жойим. Асосий ғоя Ўрта Шарқ санъат ихлосмандларини Марказий Осиё мусаввирлари билан таништириш истаги бўлган. Бизда кўплаб истъедодли рассомлар бор, уларнинг ижодларига бу минтақада ҳам қизиқиш катта бўлиб чиқди. Ўзбекистонда ўзига хос миллий тасвирий санъат мавжуд: бу кучли мактаб ва табиатимиз ҳамда бой тарихимизга асосланган, рангларга ажойиб ёндашувнинг уйғунлигидир. Дубайда ибн Сино, Хоразмий, Термизий, Мирзо Улуғбек, Амир Темур каби аждодларимизни яхши биладилар. Лекин мен ва менинг галереям учун замонавий санъатни намойиш этим муҳим.

Бугунги кунда БАА арт-бозори ва маданий ҳаёти жўшқин ривожланмоқда, минтақа замонавий маданий ҳаётнинг узвий қисмига айланиб, санъат соҳасидаги кўплаб қизиқарли воқеалар маркази бўлмоқда. 10 йил олдин Дубайда атиги ўнта галерея бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони юзга яқинлашиб қолди. Кейинги йилларда музей мажмуалари кенг кўламда қурила бошланди. Яқинда Абу Дабида француз Луври ва Америкадаги Соломон Гуггенхаймнинг Замонавий санъатлар музейи филиаллари пайдо бўлади. Форс кўрфаси мамлакатлари бизнес-элитаси ва ҳукмрон доиралари санъат асарларига катта маблағлар тикишмоқда, коллекциялар тўплашга жуда қизиқадилар. Замонавий санъат трендга айланмоқда. Мен кичик тадқиқот ўтказдим ва бу ерда Марказий Осиё санъатини тақдим этувчи бирорта галерея йўқлигини аниқладим. Шу сабабли, ушбу бўшлиқни тўлдиришга қарор қилдим.

Andakulova Galleryда уч даражадаги мусаввирлар асарлари тақдим этилган.

Биринчи даража – Griffe – умумжаҳон эътирофини қозонган рассомлар. Уларнинг асарлари музейлардан, қироллик оилалари ва машҳур инсонлар шахсий коллекцияларидан жой олган.

Иккинчи даража – Pure Luxury – галерея мезонларига жавоб бера олувчи рассомлар.

Учинчи тоифа – истиқболи порлоқ ёш санъаткорлар, уларга галерея ўзларини кашф этишга, фикр-мулоҳазаларни ўрганишга, ўз ижодий салоҳиятларини юзага чиқаришга ёрдам беради.

Галереяда тақдим этилган барча рассомлар ўлкамиз билан боғлиқ. Турли ҳамкорликдаги ишлар ҳам учрайди, лекин улар ҳам, у ёки бу жиҳатдан, Марказий Осиё билан боғланган.

БААда бизнес ва санъат

– Дубайда ўз ишини очиш ва юритиш қанчалик мураккаб?

– Бизнес очиш қийин эмас, уни юритиш – бу бутунлай бошқа масала. Энг яхшиси – Эркин иқтисодий зонада лицензия олиш. Мураккабликлар асосан молиялаштириш манбаларини излаш босқичида юзага келди. Ходимлар асосан экспатлардан иборат, шу сабабли уларнинг маошлари турар жой ижарасини ҳам қоплаши керак – бу хол жорий харажатларнинг ортишига олиб келади.

Галереяда маърузалар, маҳорат сабоқлари ва бошқа тадбирлар ўтказилади, бу қўшимча даромад кўриш имконини беради. Шунингдек, молиявий компаниялар вақти-вақти билан ҳомийлик ёрдамини кўрсатиб турадилар.

– Дубай ҳаётига мослашиш қийин кечмадими? Қандай афзалликлар ва яширин тўғаноқлар бор?

– Мослашишда энг муҳим жиҳат инглиз тилини билиш, маълумотга эга бўлиш ва, албатта, ўз мақсадларига эришишда қатъият кўрсатишдир. Афзал жиҳати – барча тўловлар, лицензияни янгилаш, ҳужжатларни рўйхатга олиш онлайн-режимда амалга оширилади. Камчиликлар ҳам бор – ижара ҳақи жуда юқори, ҳолбуки ипотека кредитлари бўйича фоизлар одатда жуда паст бўлади.

– БААда бизнес юритишнинг қандай ўзига хос жиҳатлари бор? Биздаги иш юритишдан катта фарқ борми?

– Бизнес юритиш асослари бир хил. Пунктуаллик, аниқлик, камолотга интилиш ҳар қандай ўлкада қадрланади.

– Галереянгиздаги энг қиммат экспонат қанча туради?

– Расмларимиз нархлари мақбул даражада, бу уларни инвестиция учун жозибали қилади. Ўзбекистондаги бизнесменларга маслаҳатим – санъат коллекцияларини тўплашни бошланг. Бугун бу унчалик қиммат турмайди. Тўғри, бунинг учун мусаввирлар тўғрисида ахборот тўплаш, устахоналарга қатнаш керак, бу эса анча вақт талаб қилади. Лекин бунинг ўзгача гашти ҳам бор. Суҳбат учун мавзу сизда доим топилади. Масалан, Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида фақат иккита мавзу муҳокама этилади: пуллар ва санъат.

Тасвирий санъат коллекцияларини тўплаш уйингиз ва офисингизда кўзингизни қувонтирибгина қолмай, зиёли эканлигингизни кенг маданий дунёқарашга эга эканингизни намоён этади. Яна бу яхшигина инвестиция ҳамдир.

Кўпчилик санъатда ҳеч нарса тушунмасликларини айтадилар. Бу табиий. Санъатшунослар, арт-экспертлар бор, улар тўғри танловда ёки бутун бошли коллекцияни шакллантиришда ёрдам берадилар. Машҳур америкалик банкир ва филантроп Дэвид Рокфеллер Марк Ротко қаламига мансуб расмни Нью-Йоркдаги савдоларда рекорд суммага – 72,8 млн долларга сотади. Ўз эса, бу асарни Замонавий санъат музейи мутахассиси Дороти Миллер тавсиясига кўра 10 минг долларга харид қилганди. Қарийб етти фут (тахминан икки метр)ли бу расм унинг иш хонасида 1960 йилдан буён осиғлиқ турган.

– Дубай ва Тошкентдаги санъат олами хусусиятларини қиёсий таърифлаб бера оласизми?

– Дубайда кўплаб хусусий галереялар мавжуд, улар бутун дунёдаги мутлақо турли-туман мусаввирларнинг асарларини намойиш этадилар, тарғиб этадилар. Бундай кенг кўламдаги фаолият туфайли арт-экспертлар ва санъат ихлосмандлари дидлари, қизиқишларини кўпроқ билса бўлади.

Тошкентда эса арт-раҳбарлар билан ҳамкорликда кўпроқ экспериментал кўргазмалар ташкил этилишини, уларда долзарб масалалар кўтарилиши ва янги технологиялар қўлланилишини истардим. Ҳозирда улар жуда камайиб кетди.

2005 йилда “Констелляция” номи остида концептуал санъат бўйича илк кўргазмалардан бири ёдда қолган. У эски саноат корхонасининг бўшаб ётган цехлари биносида ўтказилганди. “Арт-конверсия”нинг ғайритабиий тажрибаси ижод аҳли, айниқса ёш авлод мусаввирларига катта туртки берди. Шунга ўхшаш тадбирларни давом эттириш ва ривожлантириш керак.

Ўзбекистон арт-бозори келажаги

– Ўзбекистонда санъат бозори ҳолати ва истиқболини қандай баҳолайсиз? Бозорни ривожлантириш учун нималар қилиш керак?

– Ҳали айтганимдек, коллекциялар яратиш маданиятини татбиқ этиш керак. Шунингдек, фикримча, ҳомийлик масаласи ҳам муҳим – саҳоватпешалар ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва уларга солиқ имтиёзларини кўзда тутувчи қонун керак. Бутун Европада шундай қонун амал қилади, яқинда Россияда ҳам қабул қилинди.

Ўзбекистон халқаро арт-ярмаркалар, биеннале, мусаввирлар учун тажриба алмашиш тадбирлари ўтказиши, малакали ходимларга эга хусусий галереялар ташкил этиши керак. Танловлар ташкил этиш, йирик компаниялар, банклардан буюртмалар тушиши шахсий коллекциялар ташкил этишга ёрдам беради. Мана шу жиҳатларнинг мавжудлиги, пировардида, арт-бозор ташкил топишига ёрдам беради.

– Ўзбекистонда қандай лойиҳаларни амалга оширдингиз?

– 2016 йил октябрь ойида Andakulova Gallery Ўзбекистон Бадиий академияси кўргазмалар залининг учта майдонида ўтган кўргазма учун концептуал санъат лойиҳаларини тайёрлашни қўллаб-қувватлади. Экспозицияга Яқин Шарқ, Лотин Америкаси, МДҲ, Марказий Осиёдаги 40 та мамлакат мусаввирлари асарлари қабул қилинди. Саралаб олинган инсталляциялар, видео-арт ва перфоманслар биз учун одатий бўлган мой-бўёқ билан эмас, балки турли материаллар – резина, сопол, шишадан яратилганди.

2016 йил 17 ноябрда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган кўргазма очилиши бўлди. Бу Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консуллиги шафелиги остида ташкил этилган “Ўзбекистон фотокамера призмаси орқали: чизгилар ва талқинлар” номли фотолойиҳа бўлди.

– Ўзбекистонда ҳам галерея очиш ниятингиз борми?

– Албатта, Тошкентда галерея очсам, дейман. Бу борада ишларни бошлаб юборганмиз, ҳаммаси молиялаштиришга тақалиб турибди.

– Санъатга муносабатингиз. У сиз учун қандай аҳамиятга эга?

– Санъат ҳаётимда катта ўрин эгаллайди. Бироқ галерист (яъни, санъат соҳасидаги эксперт) учун санъатни севиiнинг ўзи кифоя эмас, энг яхши санъат намуналарини тарғиб этиш билан жиддий шуғулланиш лозим, зеро улар орқали маданият, мерос, дунёқараш танитилади.

– Воқеаларга келсак – яқин келажакда нималарни кутсак бўлади?

– Ҳозирда машҳур рассом, академик Баҳодир Жалоловнинг 70 ёшлик юбилейига бағишланган кўргазмага тайёрланмоқдамиз. Шунингдек, Skira нашриёт уйи билан биргаликда у ҳақдаги монографияни тайёрлаяпмиз. Бу – санъат ҳақидаги китобларга ихтисослашган етакчи нашриёт уйи саналади. Биз учун бу катта воқеа. Китоб тақдимоти Тошкентда, 2018 йил ноябрда ўтказиладиган кўргазма билан бир вақтда ташкил этилади.