Бугун Ўзбекистон паралимпиячилари Лондон-2017 Жаҳон Чемпионатига йўл олдилар. Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида енгил атлетика бўйича чемпионат 14-23 июль кунлари бўлиб ўтади.

Чемпионатда 10 кун давомида 1300га яқин спортчилар 213та медалли ўринлар учун куч синашадилар. Шулар орасида Ўзбекистондан 7 нафар спортчи бор.

Эркаклар ўртасида енгил атлетиканинг диск ва ядро улоқтириш турлари бўйича кечадиган беллашувда Рио-2016 Паралимпия ўйинлари рекордчиси ва олтин медал соҳиби Ҳусниддин Норбеков, найза отиш тури бўйича Рио-2016 Паралимпия ўйинлари ҳамда Баку-2017 Ислом бирдамлик ўйинлари рекордчиси ва олтин медаллари соҳиби Александр Свечников, 100 ва 200 метрга югуриш бўйича Рио-2016 Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби Абдурашидов Мансур, 400 ва 1500 метрга югуриш бўйича Инчеон-2014 Параосиё ўйинлари 2та олтин медали соҳиби Маъруфжон Муродуллаев ҳамда узунликка сакраш тури бўйича Рио-2016 Паралимпия ўйинлари бронза медали ва Баку-2017 Ислом бирдамлик ўйинлари олтин медаллари соҳиби Дониёр Солиевлар куч синашади.

Аёллар ўртасида кечадиган беллашувда ўзбекистонликлардан ядро улоқтириш бўйича Рио-2016 Паралимпия ўйинлари кумуш медали соҳибаси София Бурханова ҳамда найза отиш бўйича Рио-2016 Паралимпия ўйинлари рекордчиси ва олтин медал соҳибаси Нозимахон Қаюмовалар совринли ўринлар учун куч синашади.