«Реал» ярим ҳимоячиси Хамес Родригес фаолиятини «Бавария»да давом эттиради. Мюнхенликлар клуби матбуот хизмати ушбу футболчи трансфери борасида мадридликлар билан келишувга эришилгани ҳақида хабар берган.

«Бавария» колумбиялик бу футболчини кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқи билан икки йилга ижарага олган. Хамес Родригес тиббий кўрикдан муваффақият билан ўтган ва шартномани имзолаш арафасида. 25 ёшли футболчи Хитой ва Сингапурга йўл оладиган таркибга киритишган.

«Бавария» футболчининг икки йиллик ижараси учун 10 млн евро тўлайди.

Эслатиб ўтамиз, Хамес «Реал»га ҳозир «Бавария» устози бўлмиш Карло Анчелотти даврида келганди. Италиялик мутахассис жамоадан кетгач, футболчи асосий таркибдаги ўрнини йўқотди. Якунланган мавсум давомида Хамес ва «Реал»нинг ҳозирги бош мураббийи Зайнидин Зидан ўртасида ихтилоф келиб чиққанди.