Вазирлар Маҳкамасининг 4.07.2017 йилдаги 462-сон “Жисмоний шахслар меҳнат стажини электрон ҳисобга олишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.uz.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 январдан биринчи марта ишга жойлаштирилганларга қоғоз шаклида меҳнат дафтарчаларини бериш тўхтатилиб, республикада “Электрон меҳнат дафтари” тизими жорий қилинмоқда.

Бироқ, меҳнат дафтарчасини электрон ҳисобга олиш босқичма-босқич амалга оширилади:

•  1.01.2018 йилдан – якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари аъзолари, йирик қорамол ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштираётган шахслар, шунингдек юридик шахс бўлмаган бошқа тадбиркорлик субъектлари;
•  1.01.2019 йилдан – қолган ташкилотлар.

Иш берувчилар солиқ органларига ҳар бир жисмоний шахс кесимида меҳнат стажи (шу жумладан лавозими ҳолати, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги даврлари, таътилда бўлганлиги ва узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлар) тўғрисида маълумотларни  тақдим қилади.

Ушбу ахборот ЯИТ ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботи таркибига киритилади. Маълумотлар сақланишини таъминлаш учун меҳнат стажи тўғрисида архив маълумотларини резерв сақлаш механизми ишлаб чиқилади.

2019 йилдан бошлаб фуқаролар меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ЯИДХП орқали интерактив давлат хизматлари воситасида олишлари мумкин бўлади.