Ўзбекистонда автомобиллар учун чиройли давлат рақамларини олишда хорижий мамлакатлар тажрибалари қўлланилиши ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик. Республика ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиев журналистлар билан брифингда тез орада ушбу масалага ойдинлик киритувчи ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ҳақида гапириб ўтган эди.

Ниҳоят, ўша ҳужжат ишлаб чиқилиб, қабул қилинди — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида»ги №ПҚ-3127-сонли қарори давлат раҳбари расмий сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2017 йилнинг 1 сентябридан автотранспорт воситаларининг қайд этиш давлат рақамларидаги сон ва ҳарфларини талаб этилган комбинацияга кўра тўловларнинг юқорироқ ставкаси бўйича танлаб олиш, жумладан, уларни кимошди савдоси (аукцион) орқали харид қилиш тартиби ўрнатилади.

Энди, ҳужжатга мувофиқ, бир ой ичида юқорироқ ставка бўйича номерларни танлаш тартиби ҳам ишлаб чиқилади.