Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №ПҚ-3127 сонли қарори қабул қилинди.

Ҳужжат матнига кўра, Ички ишлар вазирлигининг 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари функцияларидан бири — енгил автомобилларнинг мажбурий техник кўрикдан ўтказишни тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларга ўтказиш таклифи қарори маъқулланган. Бунда кўрсатилаётган хизматларга ўрнатилган нархлар ва ички ишлар органлари билан биргаликда ишлаш талабларига риоя этилади. Таклифда юк, йўловчи ва махсус транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш мустасно этилган.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилнинг 1 декабрига қадар ишбилармонлик субъектлари — юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларнинг енгил автотранспорт воситаларини мазкур Қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибларини ишлаб чиқиши лозим.

Ички ишлар вазирлиги зиммасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда 2018 йил 1 январдан бошлаб йўл ҳаракати соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини расмийлаштириш ва кўриб чиқиш жараёнини соддалаштирувчи, тегишли нотариал ҳаракатларни ҳисобга олиш, автотранспорт воситаларининг техник кўрикдан ўтказилишини назорат этиш, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини осонлаштирувчи электрон тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси юклатилган.