Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған BBC каналига Туркия Европа Иттифоқига аъзо бўлмасдан ҳам бемалол яшай олишини, чунки иқтисодий жиҳатдан давлат мустаҳкам асосга эгалигини айтган. Эрдўған, шунингдек, турк халқининг катта қисми Европа Иттифоқига унинг нохолис ёндашуви сабабли бошқа киришни истамаётганини, бироқ Анқара Брюссель билан яна анча вақт "самимий бўлиш"га тайёрлигини таъкидлаб ўтган.

"Нима деб ўйлайсиз, Туркияга ЕИ билан бирга бўлиш ёки бўлмаслик яхшими? Сизнинг бу борадаги фикрингиз?" деб сўраган канал Эрдўғандан.

"Биз ўз сўзимизга содиқмиз. Агар Европа Иттифоқи Туркияни қабул қила олмаслигини очиқча айтса, бу бизни дадиллаштиради. Унда биз В ва С режаларга ўтамиз. Европа Иттифоқи – биз усиз яшай олмайдиган нарса эмас. Туркия ўз оёқларида тура олади. Ҳозирда бизнинг аҳоли жон бошига даромадимиз 11 минг доллардан кўпроқни ташкил қилади. Биз бу борада осойиштамиз", деб жавоб берган Эрдўған. 

"Жаноб президент, бу шундай янграмоқдаки, сиз Туркия Европа Иттифоқига кирмаса яхшироқ бўлади, деб ўйламоқдасиз? Ёки ундай эмасми?" деган навбатдаги саволга Эрдўған қуйидагича жавоб берган:  

"Бир марта, менинг бош вазир сифатидаги биринчи муддатимда, Туркияни Европа Иттифоқи етакчилари саммити вақтида тинч инқилобни амалга оширган давлат деб аташган. Халқимнинг катта қисми Европа Иттифоқини бошқа истамаяпти. Уларнинг фикрича, Европа Иттифоқининг Туркияга нисбатан ёндашуви холис эмас. Бироқ шуларга қарамасдан, биз Европа Иттифоқи билан самимий бўлишда давом этамиз. Кўрамиз, бу нима олиб келаркин?".   

Эрдўғаннинг интервьюси 12 июлда эфирга узатилади.