Эрдўған Туркияда қамоққа олинган юзлаб журналистлар ҳақидаги хабарни рад этди

Жаҳон 12 Июль 2017 2090

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатда айни дамда 150 дан ортиқ журналист ҳибсда сақланаётгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда "Би-би-си" хабар тарқатган.

"Ҳибсдаги кишилар журналистлар эмас. Уларнинг баъзилари террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилган, бошқалари қуролни сақлашгани учун ҳибсга олинган. Яна бошқалар эса вандализм ва банкоматларни талашгани туфайли қамоқда", - дея маълум қилди у.

Эрдўған ҳибсга олинган баъзи шахсларда, улар журналист экани ҳақида маълумот берувчи бейжлар бўлганини тасдиқлади, бироқ уларнинг расмий матбуот-карталари бўлмаган.

"Уларда журналистлар бейжлари бор эди, бироқ расмий матбуот-карталари бўлмаган, бу бейжлар билан улар ўзларини журналист, деб эълон қилишмоқда. Гап, сиз айтганингиздек, 170 киши ҳақида бораётгани йўқ, бу ёлғон. Ҳозирда фақатгина икки журналист ҳибсда", - дея маълум қилди Туркия президенти.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, мухолиф журналистлар унинг учун ҳақоратли бўлган жуда кўплаб мақолаларни ёзишда давом этмоқда.

"Би-би-си"нинг таъкидлашича, Туркияда ўтган йилнинг июлидаги муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, 160 дан ортиқ ОАВ ёпилди, шунингдек, 2,5 мингдан ортиқ медиа ходимлари ва журналистлар ишдан бўшатилди, тахминан 150 журналист қамоқда.

Кўпроқ янгиликлар