Жорий йилнинг 12 июлида Европа Комиссиясининг Халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича Бош директори Стефано Мансервиси бошчилигида, шунингдек, Марказий Осиё масалалари бўйича Европа Иттифоқининг Махсус вакили Петер Буриан ва бошқа расмий шахслар иштирокидаги Европа Иттифоқи (ЕИ) дан бўлган юқори мартабали расмий шахслардан иборат делегация Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Кун.uz’га Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси хабар берди.

Ўзининг Ўзбекистонга ташрифи давомида жаноб Мансервиси қишлоқ хўжалиги, иқтисодий ривожланиш, хусусий бизнес ва тадбиркорлик, сув манбалари ҳамда энергетикани бошқариш, чегараларни бошқариш каби соҳаларни киритган ҳолда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида Ҳукумат вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказади.

Делегация  ЕИ аъзо давлатларининг  Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, Осиё тараққиёт банки, JICA, KOICA, БМТнинг Ривожланиш дастури, ЮНИСЕФ Жамғармаси, Бутунжаҳон банки каби ривожланиш соҳасидаги агентликлар билан ҳам ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш имкониятларининг асосий масалаларини муҳокама қилиш учун  бир неча учрашувлар ўтказади.