Туркия Қуролли кучларининг навбатдаги ҳарбий гуруҳи Қатар пойтахти Доҳага етиб келди. Бу ҳақда Al Jazeera телеканали Қатар мудофаа вазирлиги баёнотига асосланган ҳолда хабар қилмоқда

Телеканал маълумотларига кўра, Амирлик мудофаа маҳкамаси Доҳага туркиялик ҳарбийларнинг навбатдаги бешинчи гуруҳи етиб келган. Уларнинг сони ҳамда қаерда қолишига ойдинлик киритилмаган. 

30 июнь куни Қатар мудофаа вазирлиги туркиялик ҳарбий хизматчиларнинг Доҳадаги Америка ҳарбий базаси - Ал-Удайдга келганини маълум қилганди. Бу ерда АҚШ ва терроризмга қарши халқаро коалициянинг 11 минг ҳарбий хизматчиси ҳам жойлашган. 

Қатар билан дипломатик муносабатларни узган араб давлатларининг Доҳага илгари сурган 13 шарти орасида Қатарнинг Туркия билан ҳарбий ҳамкорлигига барҳам бериш талаби ҳам бор. Расмий Анқара эса, бундан кейин ҳам Қатар билан келишувларга оғишмай риоя қилинишини маълум қилди. Доҳа ҳам бу шартнинг бажарилишини рад этди. 

Бундан аввалроқ, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 15 июлдан кейин Саудия Арабистони, Қатар ва Кувайтга ташриф уюштиришни режалаштираётгани маълум бўлган эди.