Ироқ федерал полицияси Мўсулнинг ғарбий қисмида ИШИД жангариларининг 2016 йилдаги иш ҳақлари миқдори ҳақидаги маълумотларга эга бухгалтерлик қоғозларини топди. Ушбу ҳужжат Sputnik Arabic таҳририятида ҳам бор экани айтилмоқда.

Тўловлар суммаси ИШИД жангарисининг оилавий мақоми ҳамда фарзандлари бор ёки йўқлигига боғлиқ бўлган. Энг кам маошни уйланмаганлар олган – 72 доллар, ёки 95 минг ироқ динори. Шу билан бирга, пулларнинг бир қисми (40 доллар) маҳсулотларга тўлов учун кетган, жангарининг қўлига эса 32 доллар берилган, дейилади ҳужжатда.

Имом ат-Тарамзий батальонидан бўлган Абу Жана исмли жангари турмуш ўртоғи ва уч фарзанди бўлгани ҳолда, 184 доллар олган бўлса, турмуш ўртоғи ва олти фарзанди бўлган Абу Носир исмли жангарига 256 доллар тўлашган. Шунингдек аниқланишича, барча жангариларга, уларнинг оилавий ҳолатидан қатъий назар, тахминан 40 долларлик қийматга баробар бўлган маҳсулотлар ажратилган.

Мўсулдаги манбанинг агентликка хабар беришича, вазиятларга қараб тўловлар миқдори ўзгариши ҳам мумкин бўлган, бироқ умуман олганда хотин ва фарзандлар сонига қараб иш ҳақи миқдори ҳам ошиб борган. Шу билан бирга, сумма 300 доллардан ошмаган. Шунингдек, унинг айтишича, халқаро коалиция зарбалари ёки миналаштирилган автомобиллардаги террорчилик ҳужумлари вақтида жабрланган жангари ногиронларга ҳам оширилган тўловлар тақдим этилган.

Агентликнинг бошқа манбаси сўзларига кўра, Туркияга Найнавани озод этиш бўйича амалиёт бошланишидан аввал жўнаб кетган жангарилар, ташкилотдаги иқтисодий инқироз туфайли барча тўловлардан маҳрум бўлишган. Жангариларда молиявий муаммолар ўтган йилнинг октябрида Ал-Қаяра шаҳридаги нефть конлари устидан назорат қўлдан чиқарилгач бошланган.

Раҳбарлик лавозимларини эгаллаган жангарилар, оддий тўловларга қўшимча тарзда талон-торож қилинган уйлардаги мол-мулкларни сотишдан тушган маблағларни ҳам олишган. Агентлик манбасининг хабар беришича, ИШИДдаги раҳбариятнинг иш ҳақи барча тўловлар билан қўшиб ҳисоблаганда, 500 доллар ва ундан юқорини ташкил этган. Шунингдек таъкидланишича, «ИШИД князлари» алоҳида ошхонада овқатланишган, у ерда энг яхши таомлар тортилган.

Аввалроқ жангарилар Найнава ва Анбар вилоятларида назорат ўрнатилганининг илк йилларида қанча ишлаб топгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди. Агентликнинг Мўсулдаги манбаларига кўра, хорижлик жангарига 1300 доллар тўланган, шунингдек, уй, машина, хизматкор аёл ва ёқилғи тақдим этилган. ИШИД жангариларига айланган маҳаллий аҳоли вакиллари эса 600 доллардан олишган.