Президентнинг 4.07.2017 йилдаги ПФ-5102-сон фармони билан Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши таркиби янгиланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Маълумот учун: Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши Президентнинг 8.08.1996 йилдаги ПФ-1503-сон “Текширишларни  тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни  такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан ташкил этилган.  

Кенгашга Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ва Олий Мажлиснинг икки вакили киритилган:

•  Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси
•  Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси.

Илгари кенгашда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси иштирок этган.

Янгиланган таркибда Олий хўжалик суди тугатилганлиги муносабати билан ушбу суд инстанцияси раиси йўқ. Шунингдек Марказий банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари ундан чиқариб ташланган.