Яқин ойларда Ўзбекистонда йирик халқаро анжуманни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда бевосита Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам катта эҳтимол билан иштирок этади. Бу ҳақда Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган навбатдаги сессияда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Адҳам Икромов маълум қилди. 

“Албатта, ҳар бир йўналиш бўйича йирик ҳалқаро анжуманлардан ташқари, анъанавий тарзда якуний форум ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда давлатимиз раҳбарининг ҳам бевосита иштирок этиши кутилаяпти. У Давос форуми ёки Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумларидан кам бўлмаган анжуман бўлишига ҳаракат қилинмоқда”, - деди Адҳам Икромов. 

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ўз халқаро иқтисодий форуми бу борада катта тажрибага эга бўлган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар йили ташкил этилади.