Бразилиянинг коррупцияда айбланган собиқ президенти яна президент бўлиш ниятида

Жаҳон 13 Июль 2017 3147
Фото: РИА Новости / Александ Соловский

Бразилиянинг собиқ президенти Луис Инасиу Лула да Силванинг баёнот беришича, у 2018 йилги президентлик сайловида номзодини илгари суришни режалаштирмоқда. Гарчи у коррупция иши бўйича айбдор деб топилган бўлса-да, азму-қароридан қайтиш ниятида эмас. 

12 июль куни мамлакат судьяси Сержиу Моро Лулу да Силвани 9,5 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди. Умумий ҳисобда, собиқ президентга нисбатан 5 та коррупция айблови илгари сурилганди. Хусусан, 2003-2010 йилларда Бразилияни бошқарган собиқ президент OAS қурилиш компаниясидан 1,1 миллион доллар пора олганликда  гумон қилинган. Бу маблағлар Сан-Паулу штати Гуаружа шаҳрида ҳашаматли уч қаватли хонадонни харид қилишга сарфланган. 

"Агар кимдир, ушбу ҳукм билан мени ўйиндан чиқардим, деб ўйласа, билиб қўйсинки, мен курашни давом эттираман", — деган Лула да Силва журналистларга. Унинг чиқишини Telesur телеканали эфирга узатган. У Меҳнаткашлар партиясига мурожаат қилиб, ўз номзодини илгари суришга рухсат сўрашини билдирган. 

Бундан аввалроқ, Бразилиянинг етакчи сиёсий кучларидан бири – Меҳнаткашлар партияси раҳбари Глейзи Ҳоффманн 2018 йилги президентлик сайловида Лула да Силва қатнашмаса, сайлов натижаларини тан олмаслигини айтган эди. 

Суд қарорига кўра, Лула да Силва 19 йилга ҳар қандай давлат лавозимини эгаллаши мумкин эмас. Бироқ, суд ҳукми ҳозирча кучга кирганича йўқ, чунки Лула да Силва апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция жараёни давом этар экан, Силва қамоқда ўтирмайди. 

Кўпроқ янгиликлар