Чехия пойтахти Прагада Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси консуллик бўлими вакиллари (Чехия ҳам мазкур консуллик округига киради) ўзбекистонликлар учун сайёр қабуллар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Учрашувларда 230дан зиёд Ўзбекистон фуқаролари қатнашган.

«Бир гуруҳ ватандошларимиз Чехияда болаларга ўзбек тилини ўргатиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш учун юртдошларимизни бирлаштирадиган Миллий маданий марказ очишга кўмак беришнини сўраб мурожаат қилди», — дейилади ТИВ хабарида.

Маълум қилинишича, бу йўналишдаги ташкилий масалалар Чехия қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда ҳал этилиши лозимлиги ташаббускорларга тушунтирилган. Айни вақтда, элчихона вакиллари Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорлик ўрнатишга ёрдам беришини маълум қилган.