Испан қироли Мадрид ва Лондон Гибралтар мақоми бўйича келишиб олишларига ишонч билдирди

Жаҳон 13 Июль 2017 3141
Фото: Lenta.ru

Испания қироли Филипп VI Буюк Британияга ташрифи вақтида Мадрид ва Лондон Гибралтар мақоми бўйича келишиб олишларига ишонч билдирди.

"Мен аминманки, бизнинг Гибралтар бўйича келишмовчиликларимизни ҳал қилишга қатъийлик янада кучлироқ бўлади ҳамда зарур саъй-ҳаракатлар ва мулоқот орқали ҳукуматларимиз барча томонларни қондирадиган келишувлар йўналиши бўйича ишлашга қодир", деб қирол айтган сўзларни келтириб ўтган Sky News телеканали.

Таъкидланишича, Филипп VI Буюк Британияда 3 кун бўлади. Бу ташриф Испания қиролининг 30 йилдан кўпроқ муддат ичидаги Буюк Британияга илк ташрифи бўлди.  

Аввалроқ Испания ташқи ишлар вазири Альфонсо Дастис баъзи британиялик сиёсатчилар Гибралтар масаласи бўйича ўзини назорат қилолмаётганини айтганди.

Гибралтар Буюк Британиянинг денгиз орти ҳудуди бўлиб, Испания унинг бир қисмига эгалик қилиш бўйича баҳслашиб келади. Испания Гибралтарнинг бир қисми Буюк Британия томондан ноқонуний равишда босиб олинган деб ҳисоблаб келади.

Кўпроқ янгиликлар